Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод ҳамда Шаҳрисабз тумани ҳокимлари маошини «Саховат ва кўмак» жамғармасига ўтказди. Китоб тумани ҳокими эса 10 та оилани қарамоғига олди, дея хабар беради «Дарё» мухбири.
Маълум бўлишича, Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов «Саховат ва кўмак» жамғармасига бир ҳафталик маошини ўтказишдан ташқари ҳар ойлик маошининг бир миллион сўмини жамғармага топширишга қарор қилган. Шаҳрисабз тумани ҳокими Исроил Амонов ҳам ҳафталик ва бир ойлик маошини жамғармага ўтказган. Китоб тумани ҳокими Алишер Зокиров эса 10 та оилани қарамоғига олган.
«Беш ёки ўнта оилани қарамоғимга олсам, жамоатчилик қайсидир тадбиркорнинг зиммасига юклайди-да, деган фикрга бормаслиги учун ойлик маошимдан хайрия қилишни лозим топдим. Халқимиз, тумандошларимизга нафим тегса бундан хурсандман», — дейди Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов.
Бу ҳақда халқ депутатлари туман кенгаши сессияларида маълум қилган ҳокимлар Президент ташаббуси билан илгари сурилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатининг фаолиятини қўллаб-қувватламоқчи бўлаётганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Ғузор туманининг янги тайинланган ҳокими Бекзод Суюнов биринчи маошини моддий ёрдамга муҳтож оилаларга хайрия қилгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)