«Тоттенҳэм» бош мураббийи Жозе Моуриньо ва «Вест Ҳэм» устози Дэвид Мойес коронавирус пандемияси сабаб жорий қилинган карантин вақтида волонтёрлик қилмоқда, дея хабар қилмоқда ESPN.
Мойес Ланкаширда жойлашган қишлоқдаги қарияларга озиқ-овқат етказиб берувчи ҳайдовчи сифатида ишламоқда.
«Бу қишлоқда коронавирус билан касалланганлар борлиги эълон қилинган пайтда озиқ-овқат дўконида эдим. У ердаги пештахтага ҳайдовчилар кераклиги ёзилган экан. Кўнгилли сифати ёрдамлашдим. Сабзавот ва мевалар солинган идишларни олиб борар, эшикни тақиллатиб, кейин кетардим. Одамларга ёрдам бериш жуда ёқди», — дейди Мойес.
Моуриньо эса «Тоттенҳэм» машғулот базасидан клуб стадионига озиқ-овқат ташимоқда. Машғулотлар марказида сабзавот майдонлари ва мева боғлари мавжуд. «Тоттенҳэм» стадиони эса айни дамда инқироз пайтида озиқ-овқатларни тақсимлаш марказига айлантирилган.
Буюк Британияда 24 апрель ҳолатига кўра коронавирусга чалинганлар сони 138 мингдан ошди. 18,7 минг нафардан зиёд киши вафот этган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)