Африкада коронавирусга чалинган беморлар сони 22500 кишидан ошди, касаллик оқибатида 1100 нафардан ортиқ одам вафот этган. Бу ҳақда Африка касалликлар назорати ва профилактикаси марказига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
Ташкилотнинг маълумотларига кўра, 20 апрель ҳолатига бўйича Африка иттифоқи таркибига кирувчи 55 та давлатнинг 52 тасида касалликни юқтириб олиш билан боғлиқ 22513 та ҳолат қайд этилган, 1126 киши касаллик қурбонига айланган, 5534 киши касалликдан тузалишга муваффақ бўлган.
Коронавирус энг кўп қайд этилган давлатлар қаторидан ЖАР (3158 киши), Миср (3144 киши), Марокаш (2990 киши), Жазоир (2619 киши) ва Камерун (1016 киши) ўрин олган.
Маълум қилинишича, Африканинг учта давлати — Лесото, Ғарбий Саҳрои Кабир ва Комор оролларида ҳалигача коронавирус қайд этилмаган.
Аввалроқ ЖАРда карантин вақтида тўй ўтказаётган келин-куёв ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Футболчи Дрогба Кот-д’Ивуардаги шифохонасини коронавирусга қарши кураш учун тақдим этган. «Ливерпуль» клуби ва Миср терма жамоаси ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ Мисрдаги муҳтож оилаларга минглаб тонна озиқ-овқат тарқатди.
Изоҳ (0)