Таниқли Голливуд актёри Жонни Депп Instagram’да рўйхатдан ўтди. Бир сутка ичида унинг саҳифасига икки миллион киши обуна бўлди. Актёр бунга қадар ҳеч қайси ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтмаган эди.
«Ҳаммага салом. Сизлар учун қизиқарли нарса тайёрлаяпман. Менга бир дақиқа беринг», — деб ёзди Депп ўзининг биринчи пости остига.
Суратда актёрнинг ёниб турган шамлар қўйилган стол олдида ўтирганини кўриш мумкин.
Актёрнинг биринчи пости 1,2 миллионтадан ортиқ «лайк» тўплаган. Унга 88,5 минг киши изоҳ қолдирган.
Кейинроқ Депп фолловерларига 8 дақиқалик видеони тақдим этди. Актёр ушбу видеода ижтимоий тармоқда пайдо бўлиши сабабини айтган. Бу — коронавирус пандемияси.
«Мен аввал ҳеч қачон бундай қилмагандим. Ҳозир эса мулоқот қилиш пайти келди. Сабаби ушбу кўринмас душман хавфи фожиаларга олиб келмоқда ва кўплаб инсонларни ҳаётдан олиб кетди», — дейди Жонни Депп.
https://www.instagram.com/p/B_DPmUfJ-Th/
Актёр, шунингдек, бу мураккаб даврда инсонларни бир-бирига ғамхўрлик қилишга ҳамда ижодий ишлар билан машғул бўлишга чақирди.
Видео қарийб 4,5 миллион марта томоша қилинган.
Изоҳ (0)