Футбол бўйича Тожикистон чемпионатининг навбатдаги тур учрашувлари Ўзбекистон ва коронавирус билан курашётган бошқа бир қатор мамлакатларни қўллаб-қувватловчи шиорлар билан ўтади.
3-тур учрашувлари қуйидаги шиор остида ўтмоқда: «Кучли бўлиб қолинг, биродар халқлар — Россия, Ўзбекистон, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Афғонистон. Биз сиз ва бутун дунё учун дуодамиз!».
Маълумот учун 4 апрелдан Тожикистонда футбол мавсуми старт олган. Ҳозирда Тожикистон футбол чемпионати давом этаётган дунёдаги бешта мамлакатнинг биттаси бўлиб турибди.
Тожикистон Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя вазирлиги эса ҳамон мамлакатда COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланиш бўйича бирорта ҳам ҳолат қайд этилмаганини маълум қилмоқда. Бироқ Тожикистонда карантинда бўлган тўрт киши вафот этгани хабар берилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё давлатлари орасида ҳозирга қадар Тожикистон ва Туркманистонда коронавирус билан касалланиш бўйича бирорта ҳам ҳолат расман эълон қилинмади. Сўнгги маълумотларга кўра, Қирғизистонда — 506, Қозоғистонда — 1591, Ўзбекистонда эса 1469 кишида коронавирус аниқланган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)