Молия вазирлиги 2020 йил 19 мартда қабул қилинган «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисидаги» Президент фармони билан тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиниши белгилаб қўйилганини эслатиб ўтди.

Вазирликининг хабар қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги» қарори билан коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган:

  • врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
  • ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
  • кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
  • бошқа ходимларга — 5 миллион сўм.

Молия вазирлиги берган маълумот бўйича мазкур фармон ва қарор ижросини таъминлаш мақсадида коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун, шу жумладан, тиббиёт ходимларига қўшимча тўловлари учун 2020 йилнинг 23 март куни Молия вазирлиги қошидаги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг ҳар бирига дастлабки равишда 5 миллиард сўмдан жами 70 миллиард сўм ажратилган.

Бундан ташқари, 2020 йилнинг 27 март куни Тошкент вилояти санитария-эпидемиологик осойишталик марказига талабномага асосан қўшимча равишда 8,5 миллиард сўм ҳамда 7 апрель куни Андижон, Наманган, Фарғона ва санитария-эпидемиологик осойишталик марказларига талабномаларга асосан ҳар бирига қўшимча 5 миллиард сўмдан ажратилган.

2020 йилнинг 14 апрелига қадар ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари томонидан республика бўйича:

  • 2 263 нафар ходимга, шу жумладан, 396 нафар врач, 801 нафар ўрта тиббиёт, 615 нафар кичик тиббиёт ва 451 нафар бошқа ходимларга жами 2 981 миллион сўм 6 фоизли ҳар кунлик қўшимча тўловлар тўланиши;
  • 424 нафар ходимга, шу жумладан, 92 нафар врач, 164 нафар ўрта тиббиёт, 128 нафар кичик тиббиёт ва 40 нафар бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 7 877,4 миллион сўм (ҳар бир ходимга 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови тўланиши таъминланган.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 15 апрель ҳолатига кўра ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказларининг ғазна ҳисоб варақларида юридик мажбуриятлар билан банд қилинмаган 38 миллиард сўм захира маблағлари мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 1 апрель куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинганларни даволаётган шифокорларнинг 14 кунлик иши учун 25 миллион сўмдан берилгани ҳақида хабар қилинган.

Ўзбекистонда 15 апрель соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирусга чалинганлар сони 27 нафарга ошиб, 1302 кишига етган, COVID-19 дан тузалганлар сони соат 18:00 ҳолати бўйича 107 кишини ташкил қилмоқда. Ўтган вақт давомида коронавирусни юқтириб олгани аниқланган тўрт бемор вафот этган. Бундан ташқари, хорижда камида 23 нафар ўзбекистонликда коронавирус аниқланган, уларнинг уч нафари вафот этган.