Сўнгги вақтларда Селена Гомесга омад кулиб боқмоқда. Хонанданинг 2020 йил январида сотувга чиқарилган Rare номли учинчи альбоми бир неча ҳафта давомида турли чартларда биринчиликни эгаллаб келди. Гомеснинг Boyfriend қўшиғига ишланган клип бир кунда 11 миллион марта томоша қилинди.
Бундан ташқари, Hello нашрининг ёзишича, хонанда яқинда беш миллион долларлик уй сотиб олган.
Селенанинг Сан Фернандо Энсино водийсининг нуфузли туманида жойлашган уйи шунчаки 350 квадрат метр майдонга эга кўчмас мулк эмас, балки ўзига хос тарихга эга маскан ҳисобланади.
Бино 80 йиллар ўрталарида қурилган бўлиб, аввал рок хонанда Том Петти ва унинг биринчи рафиқаси Жейн Беньога тегишли бўлган. 1987 йилда уй нопок кимсалар томонидан ёқиб юборилган.
Ҳеч ким ҳалок бўлмаган, бироқ уй тўлиқ ёниб кетган.
1989 йилда уй қайта тиклангач, Петти яна оиласи билан бу ерга кўчиб келган. 1996 йилда хонанда рафиқаси билан ажрашгач, уй ижарага берила бошлади.
Маълумотларга кўра, ижарачилардан бири уйни катта тўлов эвазига ноқонуний дискотега айлантирган. Ҳуқуқ-тартибот органлари унинг фаолиятини фош этмоқчи бўлганида у ичкарига яшириниб олган. Жиноятчи махсус отрядлар, бир неча вертолётлар келганидан кейингина ташқарига чиққан. Бундай ҳолатлардан кейин уйни қайта таъмирлашга тўғри келган. 2017 йилга келиб қаср Селена сотиб олган Ўрта Ер денгизи услубидаги олти ётоқхонали ва 11 та ваннахонали уйга айлантирилган.
Уйнинг деворлари очиқ рангларга бўялган, айрим хоналарда девор бўйи деразалар мавжуд. Меҳмонхона ва ошхонада ёрқин рангли тошлардан ишланган камин ўрнатилган. Уй олдидаги очиқ боғда эса сунъий шаршара ва катта бассейн жойлашган. Селенанинг қўшнилардан ҳам омади чопган: унинг уйи яқинида Вин Дизельнинг ҳам уйи бор.
Изоҳ (0)