Россия пойтахти Москва шаҳрида одамларнинг кўчага чиқиши ва ҳаракатланиши учун рақамли рухсатнома жорий қилинади. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Маълум қилинишича, Москвада жорий қилинадиган янги чоралар ҳақида шаҳар мэри Сергей Собянин махсус мурожаатнома билан чиқиш қилади. Шаҳарда касаллар сони ортаётгани ва шаҳар аҳолиси томонидан «ўзини яккалаш» қоидалари бузилаётгани сабабли қаттиқроқ чоралар кўришга қарор қилинган.
«Ведомости»нинг ёзишича, рухсатномани олиш учун керак бўладиган асослар рўйхати кенг бўлади, фуқароларнинг баъзи тоифалари учун бу асослар талаб қилинмайди.
«РБК»нинг хабар беришича, рухсатнома тизимини Москва вилоятида ҳам жорий қилиш режалаштирилмоқда.
Москвада 10 апрель ҳолатига коронавирусга чалинган 7822 киши қайд этилган, бир суткада касалланганлар сони 1124 кишига кўпайган. Эпидемия бошланганидан буён шаҳарда 50 киши касалликдан вафот этган. Москвада дастлаб 65 ёшдан катта кишилар учун мажбурий равишда «ўзини яккалаш» тартиби жорий этилди, март ойининг охиридан бошлаб эса бу тартиб шаҳарнинг барча аҳолисига нисбатан амалга киритилди.
Аввалроқ Москвада коронавирус сабаб қабристонларни зиёрат қилиш тақиқлангани, Россияда коронавирусга чалинганлар сони 10 минг кишидан ошгани ҳақида хабарлар берилган эди.
Изоҳ (0)