Чеченистон ҳукумати карантин режимини кучайтиришга қарор қилди. Мамлакат етакчиси Рамзан Қодиров ўзининг Telegram’даги канали орқали соат 20:00 дан 8:00 га қадар бутун мамлакатдаги аҳоли пунктларида ҳар қандай транспорт ва пиёдалар ҳаракати тўхтатилишини маълум қилди. Ушбу янги чоралар 3 апрелдан кучга киради.
Таъкидланишича, алоҳида ташкилот ва хизматлар бундан мустасно, бироқ Қодиров уларнинг рўйхатини ҳали тақдим этмаган.
Республика раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу чеклов чораси мажбурий равишда қабул қилинмоқда. «Пала-партиш чоралар билан коронавирусни жиловлаб бўлмайди. Тарқалиш занжирини синдириш керак», — дейди Рамзан Қодиров.
Натижада Чеченистон фуқаролар ҳаракатланиши маълум соатлар оралиғида чеклаб қўйилган Россиянинг илк минтақасига айланди.
Пандемия бошланганидан буён Чеченистон ҳукумати чеклов чораларини жорий этмоқда. Айнан ушбу минтақада биринчи бўлиб барча ресторан, кафе ва оммавий тўпланиш жойлари ёпилди.
Мавзуга доир:
Изоҳ (0)