Коронавирус юқтириб олганлар сони дунё бўйича 600 мингдан ошди. Улар орасида сиёсат арбоблари, амалдорлар, кино актёрлари ва мусиқачилар ҳам бор. Reuters агентлиги коронавирусга чалинган машҳурлар ҳақида фоторепортаж тайёрлади.

27 март куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсонда коронавирус аниқланди. Айни вақтда уйда изоляцияга олинган сиёсатчи ҳукуматни видеоконференсалоқа орқали бошқаришда давом этмоқда.

Фото: Reuters

25 март куни Британия тахти вориси — 71 ёшли шаҳзода Чарльзда ҳам коронавирус аниқланган. Айни вақтда шаҳзода ва рафиқаси ўзини изоляция қилган.

Фото: Reuters

Жинсий зўравонликда айбланиб қамоқ муддатини ўтаётган собиқ кинопродюсер Харви Вайнштейнда 23 март куни коронавирус аниқланди. 68 ёшли Вайнштейн қамоқхонанинг изоляторига олинган.

Фото: Reuters

Британиялик актёр Идрис Элба 16 март куни унда коронавирус аниқлангани ҳақида Twitter орқали маълум қилди. Коронавирусга чалинган одам билан мулоқот қилгани маълум бўлганидан сўнг у тест топширган ва тест ижобий чиққан. Идриснинг хотини Сабрина эрини яккалаб қўйишдан бош торди ва бир ҳафтадан сўнг унда ҳам коронавирус аниқланди.

Фото: Reuters

Актёр Том Хенкс ва унинг рафиқаси Рита Уилсон Австралияда янги фильм устида иш олиб бораётганида коронавирус юқтириб олган. Бир неча кунлик муолажалардан сўнг эр-хотинга уйига жавоб берилган, улар Австралияда ижарага олинган уйларида карантинга олинган.

Фото: Reuters

19 март куни Монако князи Албер II да коронавирус аниқлангани маълум қилинди. У COVID-19 юқтириб олган биринчи давлат раҳбари бўлди. Княз Албер ўз уйидаги офисида иш фаолиятини давом эттирмоқда.

Фото: Reuters

Испаниялик опера қўшиқчиси Пласидо Доминго 22 март куни коронавирус юқтириб олганини маълум қилди. Унинг айтишича, йўтал тутиб, ҳарорати кўтарилганидан сўнг тест топширишга қарор қилган, натижа эса ижобий чиққан. Доминго ҳозир оиласи билан карантинда.

Фото: Reuters

NBA баскетболчиси, «Бруклин Нетс» ҳужумчиси, АҚШ термаси сафида жаҳон ва Олимпиада чемпиони бўлган Кевин Дюрантда 17 март куни коронавирус аниқланди.

Фото: Reuters

«Ҳаёт-мамот» (Lost), «Гавайи 5.0» сериалларидаги роли билан танилган актёр Даниэль Де Ким 19 март куни коронавирус юқтириб олганини эълон қилди.

Фото: Reuters

«Тахтлар» ўйинидаги Тормунд роли билан танилган Кристофер Хивюда коронавирус аниқланганидан сўнг у Норвегияда оиласи билан бирга уй шароитда изоляцияланган.

Фото: Reuters

Жеймс Бонднинг севгилиси ролини ўйнаган актриса Ольга Куриленко 15 март куни коронавирус юқтириб олиб, уй шароитида изоляцияланганини маълум қилди. Бир ҳафтадан сўнг у уйда даволаниб, бутунлай соғайиб кетганини айтди.

Фото: Reuters

Канада бош вазири Жастин Трюдонинг рафиқаси София Лондондан қайтганидан сўнг унда касаллик симптомлари пайдо бўлди. 12 мартда топширган тести унда коронавирус борлигини кўрсатди.

Фото: Reuters

Руди Гобер коронавирус аниқланган биринчи NBA баскетболчиси бўлди. Шундан сўнг NBAда барча учрашувлар қолдирилди. COVID-19 аниқланишидан олдинги матбуот анжуманида баскетболчи коронавирус атрофидаги ваҳималар устидан кулиб, барча микрофонларга тегиниб чиққанди.

Фото: Reuters

«Арсенал» бош мураббийи Mикел Артетада 12 март куни коронавирус аниқланди. Шундан сўнг Лондон клуби икки ҳафталик карантинга жўнатилди. Ҳозир мураббий ўзини соғлом ҳис қилаётганини айтмоқда.

Фото: Reuters

«Ювентус» ҳимоячиси Даниэле Ругани коронавирус юқтириб олган Италия А Сериясининг биринчи футболчиси бўлди. Унда 11 март куни коронавирус аниқланди. Кейинроқ унинг жамоадоши Блез Матюидида ҳам коронавирус аниқланди.

Фото: Reuters

Даниэле Ругани ва Блез Матюидидан сўнг «Ювентус»нинг яна бир футболчиси Пауло Дибалада ҳам коронавирус аниқланди.

Фото: Getty Images

Испания бош вазири Педро Санчеснинг рафиқаси Бегоня Гомесда 14 март куни COVID-19 коронавируси аниқланди.

Фото: Reuters