Эквадорнинг коронавирусга чалинганлар энг кўп қайд этилган йирик шаҳри Гуаякилда вирус қурбонлари биродарлик қабристонига кўмилади. «РИА Новости»нинг ёзишича, бу ҳақда мерия департаментларидан бирининг раҳбари Густаво Сунига 27 март куни Ecuavisa телеканалига берган интервьюсида маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, муаммони ҳал қилиш учун шаҳар атрофидан 300 жасадни кўмишга мўлжалланган мос жой танланади. Зарур бўлса унинг сиғими яна кенгайтирилади. Мозор тўлиши билан марҳумларнинг хотирасига бағишлаб мақбара қуриш режалаштирилмоқда.
Гуаякилда мамалакатдаги барча касалланганларнинг 71 фоизи истиқомат қилади.
Аввалроқ мамлакат ички ишлар вазири Мария Паула Рома сўнгги уч кун ичида камида 100 кишининг жасади шаҳардаги уйларидан олиб чиқилганини, аммо ўлимларнинг ҳаммаси ҳам коронавирус билан боғлиқ эмаслигини айтган.
Эквадор Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда 1 627 киши коронавирусга чалинган, 41 киши вирусдан вафот этган.
Аввалроқ АҚШ коронавирус билан касалланганлар сони бўйича Хитойдан ҳам ўтиб кетгани, мамлакатда касалланганлар сони 100 минг кишидан ошгани хабар берилганди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари эса COVID-19 коронавирус инфекциясидан бутун дунёда 100 мингдан ортиқ одам халос бўлганини маълум қилган.
Изоҳ (0)