Тошкент шаҳар ИИББ 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси соат тахминан 02:00 да Яшнобод тумани Шаҳрисабз кўчасида тасвирга олинган ва ижтимоий тармоқларда «Оқ Нексия ҳайдовчиси ички ишлар ходимларига бўйсинмай «Тунги капалак» қизларни олиб, қочиб кетди» сарлавҳаси билан тарқалган видео юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: ИИББ ахборот хизмати

Унга кўра, Яшнобод тумани ИИО ФМБ 2-сон ИИБ томонидан хизматга жалб қилинган Патрул-пост хизмати ходимлари ўз хизмат йўналиши бўйича фаолият юритаётган вақтда, оқ рангли Nexia автомобиль эгаси 27 ёшли А.Х. ички ишлар ходимлари томонидан тўхташ ишораси кўрсатилганига қарамасдан, ўз ҳаракатини давом эттирган.

Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан ушбу фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси («Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик») билан маъмурия баённома расмийлаштирилган ҳамда автомашина жарима майдончасига жойланган.

Шунингдек бошқама хабарида тез орада ушбу ҳолат бўйича видеолавҳа орқали батафсил маълумот берилиши ҳам қайд этилган.