Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар қатор қонун лойиҳалари билан бир қаторда Хоразм вилояти таркибида Тупроққалъа туманини ташкил этиш ҳамда Ҳазорасп тумани чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12—13 март кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида берилган топшириғига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган мазкур масала ушбу ҳудудда бошқарув ҳамда аҳоли учун ижтимоий-маиший қулайликлар яратишни назарда тутади.
Кўзда тутилаётган ўзгаришларга кўра, Ҳазорасп тумани Питнак шаҳри ҳудудидаги «А.Ибрагимов», «Муҳаббат», «Навбаҳор», «Ёшлик», «Шарлауқ» «Охунбобоев», «Обод», «Саяпир», «Шехлар», «Пастом» ва «Саидлар» ҳамда Тупроққалъа маскани ҳудудидаги «Саримой», «Нукус», «Ҳазорасп» ва «Тупроққалъа» маҳаллалари ташкил этилаётган Тупроққалъа тумани таркибига ўтказилади.
Питнак шаҳри эса Тупроққалъа туманининг маъмурий маркази этиб белгиланмоқда.
Ўз навбатида, чегараси ўзгартирилаётган Ҳазорасп туманидаги сайлов округларидан (25-Қизилқум, 26-Шарлауқ, 27-Темур, 28-Нурушлар, 29-Саяпир, 30-Шехлар) сайланган халқ депутатлари Ҳазорасп тумани кенгаши депутатлари халқ депутатлари Тупроққалъа туман кенгаши депутатлари ҳисобланади.
Изоҳ (0)