Хитойда янги турдаги коронавирус билан касалланганларнинг 90 фоиздан ортиғи соғайиб кетди. Ҳозирда шифохоналарда 4735 киши қолмоқда, деб хабар беради Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссияси.

Фото: AP Photo

Маълумотларга кўра, ўтган бир сутка ичида мамлакатда 78 кишида коронавирус аниқланган ва 7 киши ваоф этган (барчаси Хубэй провинциясида). Шу билан бирга даволанишга муваффақ бўлган 456 беморга шифохонадан жавоб берилган.

Айни вақтда Хитой ҳудудида жами 81 171 киши коронавирус билан касалланган (уларнинг 73 159 нафари тузалиб кетган). Вирус қурбонлари сони 3277 кишига етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 46 нафарга етган. Мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди. Республикада маҳаллий авиақатновлар ва республика бўйлаб поездларда йўловчи ташиш тўхтатилди, деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг ёпилди.