Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ижтимоий тармоқларда COVID-19 вируси билан боғлиқ шахсий маълумотларни тарқатмасликка чақирди.
Марказ матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирги пайтда ижтимоий тармоқларда короновирус инфекциясини юқтирган беморларнинг шахсий маълумотларини тарқатиш ҳолатлари учрамоқда.
Шу сабабли марказ «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонуннинг 24-моддасида бемор тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган ва тиббий ёрдам олаётган пайтда тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлиги, соғлиғининг ҳолати, қўйилган ташхис тўғрисидаги маълумотлар ҳамда уни текшириш ва даволаш чоғида олинган бошқа маълумотлар сир сақланиши ҳуқуқига эгалиги белилаб қўйилганини эслатиб ўтган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази, шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг одамларнинг бир-бирларига ғамхўрлик қилиш, ҳамдардлик билдириш, дўстлар ва қариндошлар билан мулоқот қилиш, ҳар куни пандемия билан курашаётган тиббиёт ходимлари ҳақида унутмаслик, касалланган одамларга «коронавирус қурбонлари» каби тамғаларни қўймаслик ва қўллаб-қувватлаш ва ҳамдардликка лойиқ беморларга инсонийлик кўрсатиш чақириқларига эътибор қаратди.
«COVID-19 вируси жамиятимиз бардоши учун синовдир», — дейилади марказ баёнотида.
Президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари Отабек Умаров ўзининг Telegram’даги саҳифасида коронавирусга чалинган Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини эълон қилган кишилар топилгани, уларнинг шахслари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан аниқланганини маълум қилганди. ИИВ маълумотларига қараганда, ҳозирда уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Шунингдек, ИИВ Ўзбекистонда коронавирус ҳақида ҳақиқий вазиятни сохталаштириб талқин қилаётган 33 та аккаунт аниқлангани хабар берилганди.
Изоҳ (0)