Қашқадарё транспорт бошқармаси Тошкент шаҳрида таҳсил олувчи қашқадарёлик 13 775 нафар талабаларни уйига қайтариш учун автомобиллар ажратди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят Транспорт бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Мирзоҳид Жўраев маълум қилди.
Талабалар учун ажратилган автомобиллар — 18 март, чоршанба куни Талабалар шаҳарчасидан йўлга чиқади.
«Ҳозирга қадар бўлган мурожаатларга кўра, 5 та автобус, 2 та микроавтобус ва 50 га яқин енгил автомобиль ажратилди», — дейди бошқарма бошлиғи Улуғбек Эрназаров.
Улуғбек Эрназаровнинг аниқлик киритишича, 17 март, сешанба куни соат 12:00 га қадар қашқадарёлик талабалардан 300 га яқини қўнғироқ қилган ва уйига қатмоқчилигини билдирган.
Таъкидланишича, транспорт воситалари қашқадарёлик талабаларга бепул хизмат кўрсатади.
«Транспорт харажатлари вилоятдаги корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда савоб учун ҳомийлик қилмоқчи бўлган тадбиркорлар ҳисобидан қоплаб берилади», — дейди Улуғбек Эрназаров.
Эслатиб ўтамиз, уйига кетишни хоҳловчи қашқадарёлик талабалардан 18 март куни соат 10:00 га қадар Тошкент шаҳридаги Талабалар шаҳарчасига етиб келиш ва +998973507788 телефон рақамига қўнғироқ қилиш сўралган.
Изоҳ (0)