Россия парламентига мигрант болалар учун мактабларда ўқишни пуллик қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси киритилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.

Депутатлар “Россияда таълим тўғрисида”ги федерал қонуннинг 78-моддасига ўзгартириш киритишни таклиф қилинмоқда. Унга кўра, чет элликлар мактабгача, бошланғич, ўрта умумий ҳамда ўрта махсус таълимни пуллик асосда олади.
Бу тўловлар жисмоний ва юридик шахслар маблағлари ҳисобидан, пуллик таълим хизматлари шартномалари асосида амалга оширилади. Лойиҳа, шунингдек, рус тилини билиш бўйича тестни йилига уч мартадан ортиқ бепул топширишни чеклашни таклиф қилади.
Қонун муаллифлари фикрича, мигрант болалар сонининг ортиши Россия мактабларида жой танқислигига олиб келмоқда. 2025 йилда 900 мингдан ортиқ ўқувчига ўрин етишмаслиги кузатилди. Бу, айниқса, янги ва тез ривожланаётган ҳудудларда сезилмоқда. Айрим мактаблар ўнлаб биринчи синфларни қабул қилмоқда, иккинчи сменада ўқиётганлар улуши эса ортиб бормоқда.
Депутатлар ўқитувчиларга тушаётган юклама ҳам ошганини таъкидлади. Баъзи педагоглар белгиланган меъёридан бир ярим-икки баравар кўп ишлашга мажбур, бу уларнинг маошини ошириш заруратини юзага келтиради. Ташаббус муаллифлари ушбу ўзгаришлар бюджет маблағларини тежаш, ўқитувчиларга қўшимча тўловлар ажратиш, таълим муҳитини яхшилаш ва хорижда рус тилини ўрганишга қизиқишни оширишга хизмат қилишини айтмоқда.
Изоҳ (0)