Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўзбекистонлик мигрантлар ва доғистонликлар ўртасида оммавий муштлашув юз берди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Маълум қилинишича, полиция ходимлари «Галерея» савдо-кўнгилочар мажмуаси ёнида рўй берган оммавий муштлашувда иштирок этганликда гумон қилинган 11 кишини қўлга олган. Тергов маълумотларига кўра, можаро Ўзбекистон фуқаролари ва доғистонликлар ўртасида келиб чиққан.
Қайд этилишича, муштлашувда 15 киши қатнашган, улар полиция келгунича тарқалиб кетган. Улардан бирига пичоқ билан жароҳат етказилган, у ўрта оғирликдаги тан жароҳати билан касалхонага ётқизилган.
Агентликнинг ёзишича, қўлга олинганлар 18—25 ёшли ўзбекистонликлар ва доғистонликлар ҳисобланади. Уларга безорилик бўйича иш қўзғатилган.
Аввалроқ, Москвада Ўзбекистон фуқаролари иштирокида оммавий муштлашув юз берган эди. Шунингдек, Самарқанддаги қурилишда Туркия ва Ўзбекистон фуқаролари ўртасида оммавий муштлашув юзага келган эди.
Изоҳ (0)