АҚШ президенти Дональд Трампни коронавирус учун текшириш зарурати йўқ. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришэмнинг сўзларига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: Reuters

Аввалроқ Бразилия президенти администрацияси ҳузуридаги жамоатчилик билан алоқалар котибияти раҳбари Фабио Вайнгартенда коронавирус аниқланган эди. Таъкидланишича, Вайнгартен ўтган ҳафта АҚШга расмий ташриф билан келган Бразилия делегацияси таркибида бўлган.

Reuters’нинг ёзишича, Вайнгартен АҚШ президенти Дональд Трамп билан мулоқотда бўлган. Бироқ Оқ уйнинг маълум қилишича, Трамп ва АҚШ вице-президенти Майк Пенс бразилиялик амалдорлар билан деярли мулоқот қилмаган.

Трампнинг ўзи Бразилия делегацияси аъзосида вирус аниқланганидан хавотирда эмаслигини билдирган. «Келинг, шундай дейлик: бу менга тааллуқли эмас», — дейди АҚШ президенти.

Вайнгартенда коронавирус аниқлангач, Бразилия президенти Жаир Болсонару ҳам тегишли таҳлилларни топширган. Унинг натижалари 13 март куни тайёр бўлади.

Аввалроқ Трамп ва Пенс қатнашган конференция иштирокчисидан коронавирус топилгани ҳақида хабар берилганди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда янги турдаги COVID-19 коронавирусининг тарқалиши сабаб Европа мамлакатларидан келувчилар учун 30 кунга вақтинчалик тақиқ ўрнатилди.