Италияда 12 март ҳолатига кўра, бир сутка ичида 189 нафар одам COVID-19 коронавирусидан вафот этган. Касаллик қурбонларининг мамлакатдаги умумий сони 1016 нафарни ташкил қилади. Бу ҳақда ANSA нашри хабар берган.
12 март оқшоми ҳолатига кўра, Италияда 12 839 нафар одам коронавирус билан касалланган, бу бир кун аввал 11 март куни қайд этилган кўрсаткичдан 2249 нафарга кўп. 1258 нафар одам ушбу инфекциядан тузалган.
Италия Европада COVID-19 коронавирусига чалинган фуқаролар сони бўйича етакчилик қилмоқда. Маҳаллий ҳукумат вакиллари фуқароларнинг мамлакатда ҳудуддан ҳудудга ўтиб юришини чеклаб қўйган, мактаблар, дўконлар ва ресторанлар ёпилган. Шунингдек, Италияда барча оммавий тадбирлар бекор қилиниб, фуқароларга уйдан чиқмаслик тавсия этилган.
Россия ҳукумат фармойиши билан 13 мартдан бошлаб Италиядан келган хорижликларнинг мамлакат ҳудудига киришига вақтинчалик тақиқ қўйган.
Изоҳ (0)