Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март, душанба куни, Туркиянинг етакчи инжиниринг ва қурилиш компанияси ҳисобланадиган Ronesans Holding президенти Эрман Илижак бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу учрашув 2020 йил февраль ойида Анқарада ўтган олий даражадаги Ўзбекистон—Туркия музокараларининг мантиқий давоми бўлди.
Бугунги кунда Ronesans Holding компанияси Ўзбекистонда умумий қиймати 2 миллиард доллардан зиёд бўлган йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Тошкент вилоятининг етакчи металлургия корхоналари негизида замонавий объектлар — лойиҳавий қуввати йилига 60 миллион тонна бўлган мис бойитиш фабрикаси ва қуввати 1 миллион тоннагача бўлган металл прокати ишлаб чиқариш мажмуасини барпо этиш лойиҳалари тайёрланмоқда.
Учрашувда ушбу лойиҳалар доирасидаги амалий ишларни жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Туркия компаниясининг Тошкент, Самарқанд ва Фарғонада илғор халқаро тажриба ва технологияларни жалб қилган ҳолда кўп тармоқли шифохоналар ташкил этиш борасидаги лойиҳавий таклифлари тақдимоти ўтказилди.
Мазкур лойиҳалар давлат-хусусий шериклиги асосида амалга оширилади, шунингдек, туркиялик шериклар шифохоналарни бошқариш ва юқори малакали тиббиёт мутахассисларини тайёрлашда иштирок этади.
Бундан ташқари, муҳим ижтимоий объектларни реконструкция қилишда инжиниринг, лойиҳалаштириш ва қурилиш соҳаларида ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 19—20 февраль кунлари Туркияга амалга оширган ташрифи доирасида Ronesans Holding билан «Ўзбекистон металлургия комбинати» акциядорлик жамиятини модернизация қилиш ва ривожлантиришга 630 миллион евро, Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинатига 4,1 миллиард доллар тўғридан-тўғри инвестициялар киритиш, шунингдек, шифохоналар ва савдо марказларини қуриш бўйича умумий қиймати қарийб 3 миллиард долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида келишувларга эришилган эди.
Изоҳ (0)