Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 9 март, душанба куни, Россия ва Озарбайжон билан икки томонлама инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, кейинги йилларда Озарбайжон билан ўзаро савдо ва инвестиция кўрсаткичлари муттасил ортиб бормоқда. Хусусан, 2019 йил якунларига кўра, Озарбайжон билан икки томонлама савдо ҳажми эса 55,7 фоизга ошди.
Инвестициявий ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида ташкил этилган 178 та корхона фаолият юритмоқда.
Йиғилишда ушбу мамлакат билан қўшма лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш ҳамда инвестиция, савдо ва транспорт-логистика соҳаларидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Озарбайжонлик ҳамкорлар билан саноат кооперациясини йўлга қўйиш доирасида умумий қиймати 355 миллион доллардан зиёд лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани таъкидланди. Жумладан, енгил автомобиль ва автобуслар йиғишни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Нефть-газ соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгаймоқда.
Ушбу тадбирларни мазмунан бойитиш зарурлиги алоҳида қайд этилди, ишни самарали ташкил қилиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Маълум қилинишича, 16—17 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ва Озарбайжон Республикаси ўртасида ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия йиғилишини ўтказиш мўлжалланган.
Президент Шавкат Мирзиёев Россия ва Озарбайжоннинг етакчи компания ва ташкилотлари билан савдо ва инвестициявий ҳамкорликни фаоллаштириш, шерикликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.
Озарбайжон билан аграр саноат, узумчилик ва виночилик, заргарлик, нефть ва газ, транспорт ва логистика, таълим соҳаларида қўшимча янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш топширилди.
Изоҳ (0)