Марказий банк 9 март, душанба куни, рақамли банк — «Анор банк» акциядорлик жамиятини ташкил этишга доир дастлабки рухсатнома бериш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Марказий банк матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, рухсатнома 6 ой муддатга берилади. Бу вақт давомида банк фаолиятини йўлга қўйиш учун қонунчиликда белгиланган қатор талабларни бажариши ҳамда банк устав капитали шакллантирилиши керак.
Марказий банк илк бор «рақамли банк» тушунчасини 2018 йилдаёқ қонунчиликка киритган эди. Унга кўра, рақамли банк — инновацион банк технологияларидан фойдаланган ҳолда (касса хизматини кўрсатмасдан) банк хизматларини масофавий кўрсатувчи банк ёки унинг таркибий бўлинмаси.
Рақамли банклар томонидан банк хизматларини масофавий кўрсатиш банкнинг ички тартиб-қоидаларига асосан қонун ҳужжатлари талабларини инобатга олган ҳолда амалга оширилади.
Ўзбекистон Марказий банкининг «Анор» тезкор тўловлар тизимининг ушбу рақамли банкка ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Аввалроқ TBC Bank Ўзбекистонда биринчи рақамли банк очмоқчи эканлиги хабар берилган эди.
Изоҳ (0)