Яккабоғ туманида фермер ишчиси унга қаршилик кўрсатган аёллар устига керосин сепиб, ёқиб юборишга уринди, деб хабар бермоқда «Muxbir.uz» Telegram канали.

Видеода аёллар қўлида елим идиши бўлган шахсга ташланган, у эса идишдаги номаълум суюқликни қаршилик кўрсатган аёллар устига сепган. Аёллар таёқ билан уришга уринади.

Маълум бўлишича, тумандаги қишлоқларнинг бирида 7 гектар боғ ўрнига интенсив боғ яратмоқчи бўлган фермер ҳосил бериб турган олма дарахтларини кесиб ташламоқда. «Шу пайтгача 7 гектар боғнинг 5 гектаридаги 1500 та мевали дарахт кесиб ташланган», — дейилади хабарда.

Аввалроқ қашқадарёлик тадбиркор Баҳридин Исамовнинг дўконини бузмоқчи бўлган ҳокимнинг «снос»лар бўйича ўринбосари Мансур Туймаевни тадбиркор ёқиб юборгани ҳақда хабар берилганди. Бунга Мансур Туймаевнинг 30 га яқин дўконни бузиб, компенсация тўламагани сабаб бўлгани айтилганди. Воқеадан кўп ўтмай Баҳриддин Исамов қамоққа олинганди. 2019 йил 29 август куни тадбиркор қамоқдан озод қилингани маълум бўлганди. 18 октябрь  куни эса Мансур Туймаев ва тадбиркор Баҳриддин Исамовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, Баҳриддин Исамовга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Мансур Туймаевга нисбатан эса 1 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда энг кам ойлик иш ҳақининг 510 баравари миқдорида, яъни 103 392 300 сўм жарима жазоси тайинланганди.