Ижтимоий тармоқларда Lacetti ҳайдовчиси ва унинг олдида ўтирган шеригининг тунги вақтда кўчадаги нотаниш қизга гапираётгани акс этган видео тарқалди.

Машина Бухоро вилоят ҳокимлигига қарашли эканлига ишора қилган видео муаллифи уларга яқинлашиб, «Давлат рақамига эътибор қаратинг. Бу қайси ҳокимиятнинг машинаси?», дейди. Шундан сўнг ҳайдовчи катта тезликда улардан узоқлашиб кетади.

Маълум бўлишича, видеода тасвирланган автомашина ҳақиқатан ҳам ҳокимлик бўлимларидан бирига тегишли бўлиб, Бухоро вилояти ҳокимлиги буни тан олган.

Бухоро вилояти бўйича ғазначилик бошқармаси маъмурияти хабарига кўра, бу масала 25 февраль куни бошқарма меҳнат жамоасининг умумий йиғилишида кенг муҳокама қилинган.

Ҳайдовчи белгиланган иш вақтидан ташқари вақтда хизмат автомашинасидан ўз шахсий эҳтиёжи учун фойдалангани ҳамда нотаниш йўловчи қиз билан гаплашиш орқали ҳайдовчининг лавозим йўриқномаси ва бошқарманинг одоб-ахлоқ қоидалари талабларини бузгани учун ишдан олинган.