Жорий йилнинг 19 февралда Боку шаҳрида (Озарбайжон) ўзбек-озарбайжон идоралараро мувофиқлаштирув ишчи гуруҳининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берган.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Тошпўлатов, Озарбайжон томонидан мамлакат Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сейфулла Азимов раислик қилди.
Йиғилишда томонлар терроризм, экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш соҳасида Ўзбекистон ва Озарбайжон ички ишлар вазирликларининг ўзаро маълумот алмашувининг амалдаги ҳолати ҳамда келгусида режалаштирилаётган ишларни муҳокама қилиб, тезкор-қидирув фаолияти бўйича ҳамкорликдаги вазифаларни кўриб чиқдилар.
Ҳамкорлик масалалари ўзаро ташрифларнинг ижобий натижасида ҳам номоён бўлмоқда. Жумладан, ўтган қисқа давр мобайнида 20 дан ортиқ икки томонлама ташрифлар уюштирилган бўлиб, уларда икки давлатнинг 60 дан зиёд ички ишлар органлари ходимлари қатнашди.
Тадбир якунига кўра, икки мамлакат ички ишлар органлари ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган мажлис баённомаси имзоланди.
Ташриф давомида ўзбек делегацияси раҳбари Азиз Тошпўлатов Озарбайжон Республикаси Ички ишлар вазири Вилает Эйвазов билан ҳам учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилнинг октябр ойида Озарбайжонга ташрифи чоғида кенг миқёсдаги, шу жумладан хавфсизликка оид эрилишган икки томонлама келишувларидан келиб чиққан ҳолда ўзбек-озарбайжон муносабатларига тегишли масалалар кўриб чиқилди.
Томонлар қуйидаги бир қатор йўналишларда ҳамкорликни кучайтиришни келишиб олди:
- кибержиноятчиликка қарши куршишда тажриба алмашиш;
- одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш;
- профессионал кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- тезкор ҳаракатланувчи бўлинмалар ходимларининг ўзаро ўқув машғулотларини ташкиллаштириш ва бошқалар.
Изоҳ (0)