Қамчиқ довонида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ағдарилиб кетган юк машинасининг ҳайдовчиси автомобиль ичидан чиқариб олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, 16 февраль, якшанба куни, соат 04:15 да Қамчиқ довонидан ўтган автомобиль йўлининг 249-километрида Тошкент—Водий йўналишида ҳаракатланган MAN русумли юк машинаси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишига ўтиб ағдарилиб кетган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳайдовчи У.А.нинг ўнг оёғи машина ичида қисилиб қолган.
Таъкидланишича, қутқарув гуруҳи зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, махсус асбоб-анжомлар ёрдамида жароҳатланган фуқарони чиқариб олган. Қутқарувчилар томонидан биринчи тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилиб, «Резак» тез-тиббий ёрдам ходимлари ёрдамида Поп туман марказий шифохонасига олиб борилган. Ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатини бартараф этиш ва хавфсиз ҳаракатни таъминлаш мақсадида, Қамчиқ довонидаги Фавқулодда вазиятлар давлат тизими фуқаро муҳофазаси хизматларидан 18 нафар ходим, 5 та махсус техника жалб этилган.
Вазирлик шу каби ҳолатларни инобатга олиб, юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи уюшма ва корхоналар томонидан ҳайдовчиларга ташкилий-техник шарт-шароитларни яратишини ҳамда довон орқали ҳаракат хавфсизлги бўйича қўшимча инструктив-машғулотларни ўтказишни тавсия этмоқда.
Аввалроқ Қамчиқ довонида 3 та машина чуқурга тушиб кетган, довон йўлида Isuzu’нинг ЙТҲга учраши оқибатида бир нафар ҳайдовчи ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)