Тошкентдаги «Шодлик Палас» меҳмонхонасининг янги эгаси Ofelos Plaza компанияси 7 февраль куни меҳмонхона мажмуасида ижара асосида фаолият юритиб келган «Илҳом» театридан ўзига янги жой топиш ҳақида хат чиқаргани маълум бўлган эди.

«Илҳом» театри жамоаси муассасани янги жойга кўчириш ҳақидаги қарор унинг учун «ўлимга тенг ҳукм» эканлигини таъкидлаб, 10 февраль куни жамоатчиликдан театрга ёрдам кўрсатишни сўраган эди. 11 февраль куни ушбу вазиятга Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева муносабат билдирди.

Саида Мирзиёева.

Фото: «Дарё»

«Мен ўзим театр санъати мухлисиман. Ушбу масала атрофида айтилаётган ташвишли гап-сўзларни эшитиб, сизни ишонтириб айтаманки, биз театримизни ҳеч кимга хафа қилдириб қўймаймиз», — деб ёзди Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида.

Ўз пости якунида Мирзиёева хоним шундай қўшимча қилган: «‘Илҳом’ — маданий ҳаётимизнинг фахри!».

«Илҳом» театри жамоаси Саида Мирзиёеванинг муносабатини қувонч билан қарши олди.

«Биз бир дақиқа аввал келган хушхабардан беҳад шодмиз! Саида Шавкатовна ва барча-барчага беқиёс кўмаклари учун улкан миннатдорлик билдирамиз», — дейилади театр жамоаси мурожаатида.