Эрон ўзи ишлаб чиқарган «Зафар» сунъий йўлдоши билан ракета ташувчини ишга туширди, аммо у орбитага чиқа олмади. «РБК»нинг ёзишича, бу ҳақда Эрон Мудофаа вазирлигига таяниб, IRIB давлат телевидениеси хабар берган.
Хабарда айтилишича, «Симорг» ракета ташувчи сунъий йўлдошни фазога учирган, аммо орбитага чиқиш учун етарли тезликка эриша олмаган. Шу билан бирга, Мудофаа вазирлигида парвозни амалга оширишда «бир қатор тадқиқот мақсадлари»га эришилгани, парвозлар таҳлили эса кейинги мақсадларда асқатиши таъкидланган.
Аввалроқ Эрон «Зафар» сунъий йўлдошини орбитага 7 февралгача чиқаришни режалаштирган, бироқ у 9 февралга кўчирилган.
Ўтган йилнинг январида эса Эрон ўзининг «Паям» сунъий йўлдошини орбитага чиқара олмаган. Ракета ташувчи икки босқични тезда босиб ўтган, учинчи босқичга келганда эса етарли тезликка эришолмаган.
Изоҳ (0)