Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасида «Ҳаракатдаги ижтимоий ёрдам кўрсатиш маркази» ташкил этилди. Вилоят ИИБнинг хабар беришича,«Газел» русумли микроавтобус таркибида барпо этилган марказда психолог, тарбиявий ишлар бўйича инспектор, шифокор фаолият юритиши мумкин.
Қайд этилишича, микроавтобус техник воситалар: кондиционер, алоқа воситалари, йиғма стол, компьютер, шунингдек, турли кўринишдаги психологик кўргазмалар билан жиҳозланган. Бундан ташқари, массаж ўриндиғи ҳам мавжуд.
Марказ фавқулодда ҳолатларда психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, бу хизмат пайтида ходимларнинг фаол руҳий ҳолатда бўлишини таъминлайди. Марказ улар билан боғлиқ ҳар қандай кўнгилсиз ҳолатларни тез ва самарали бартараф этишга ёрдам беради.
Фарғона вилоятига ташриф буюрган Президент администрацияси ва Ички ишлар вазирлигидан иборат ишчи гуруҳ мазкур марказ фаолияти билан танишиб, унга ижобий баҳо берди, дейилади хабарда.
Аввалроқ мазкур ишчи гуруҳ Фарғона ва Наманган вилоятларида ички ишлар идоралари фаолиятини ўрганаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)