Қашқадарё вилояти Ғузор туман ҳокимлиги ташаббуси билан Россияга бодринг экспорти йўлга қўйилди. Дастлабки ҳосил жорий йил март ойида Россияга етказилади, дея хабар беради «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13, 14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида Ғузор туманидан Россия Федерациясига бодринг экспорт қилиш ҳақида топшириқ берилган.
— Президентимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғида ўтказилган мажлис баёнига кўра, туманимизда фаолият юритаётган «Файзуллаев Муҳиддин» МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонида гидропоника усулида иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси режалаштирилганди, — дейди Ғузор туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Худойберди Йўлдошев. — Ҳозирги кунда «Файзуллаев Муҳиддин» МЧЖ томонидан 2 гектар ер майдонида гидропоника усулида иссиқхона лойиҳасини амалга ошириш учун жами 18 миллиард 260 миллион сўм сарфланди. Шундан 9 миллиард 130 миллион сўм ўз маблағи, 1 миллион 100 минг АҚШ доллари миқдорида тижорат банк кредити ҳисобига амалга оширилиб, 38 та янги иш ўрини яратилди.
Маълум бўлишича, 200 минг долларлик дастлабки ҳосил жорий йилнинг март ойида Россияга етказилади.
— Иссиқхонамизда бир мавсумда 450 тонна экспортбоп маҳсулот етиштирилмоқда, — дейди 28 ёшли тадбиркор Муҳиддин Файзуллаев. — Режамизга кўра, бир йилда бир миллион долларлик маҳсулот экспорт қиламиз.
Ғузор туман ҳокимлиги ахборот хизматининг қўшимча қилишича, туманда давлат улуши иштирокисиз тадбиркор ташаббуси билан Россия ҳамда Озарбайжон давлатлари ҳамкорлигида дастлабки қўшма корхона ҳам иш бошлаган.
— Мазкур қўшма корхона газоблок ишлаб чиқаради, кўприк ва иншоотлар қуриш билан шуғулланади, — дейди туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Худойберди Йўлдошев.
Изоҳ (0)