«Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ 30 январда ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳри Дукчиён маҳалласи Хўжа Ғулом қишлоғида яшовчи фуқаро Раҳмонов Зарифнинг давлат раҳбарига табиий газ таъминоти юзасидан видеомурожаатини ўрганди, деб ёзмоқда жамият матбуот хизмати.
«Мурожаатда фуқаро кўрсатилган манзилда табиий газ йўқлиги билан бир қаторда «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖнинг раҳбариятига нисбатан бир қатор кескин эътирозлар билан мурожаат қилган. Дукчиён маҳалла марказида ушбу тарқалган видеомурожаат юзасидан видео муаллифи Раҳмонов Зариф, «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ «Самарқандшаҳаргаз» филиали бошлиғи Б.Турдиев, Дукчиён МФЙ раиси Ф.Раупов, Самарқанд шаҳар 3-сон ички ишлар бўлими бошлиғи О.Жўраев, маҳалла профилактика инспектори С.Ҳусанов ҳамда юзга яқин маҳалла аҳоли вакиллари иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашувда Дукчиён маҳалласидаги табиий газ таъминоти муаммолари ва мурожаатчи Раҳмонов Зарифнинг Президентга қилган мурожаатида кўрсатган важлари бирма-бир муҳокама қилинди. Дукчиён маҳалласи Самарқанд шаҳрининг Самарқанд тумани билан чегарадош чекка ҳудудида жойлашганлиги ва ҳавонинг кескин совуши натижасида табиий газ босимининг пасайиши ҳолатлари кузатилди. «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ Самарқанд шаҳар газ филиали бошлиғи Б.Турдиев томонидан аҳолининг табиий газ таъминоти бўйича саволларига жавоб бериб, ушбу муаммоларни бартараф этиш бўйича қилинаётган ишлар юзасидан ҳисобот тақдим этди. Хусусан, 2019 йил давомида Самарқанд шаҳридаги газ қувурларини қайта таъмирлаш ва реконструкция қилиш натижасида шаҳарнинг бир қатор маҳаллаларидаги аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти яхшиланганлигини билдирилди. Бундан ташқари, 2020 йилда ҳам қайта таъмирлаш ва реконструкция ишлари давом эттирилиб, шаҳар маҳаллалари ва хусусан Дукчиён маҳалласида ҳам табиий газ таъминотини бир меъёрга келтирилиши белгиланганлиги маълум қилинди.
Газ таъминоти муаммолари билан бир қаторда мурожаатчи Раҳмонов Зарифнинг таъминот корхонаси раҳбариятига нисбатан кескин эътирозлар билдиргани ҳам муҳокама қилинди. Ушбу ҳолатнинг муҳокамаси пайтида мурожаатчининг ўзи учрашувни сабабсиз тарк этганлигини алоҳида айтиб ўтиш зарур. Шундан сўнг маҳалла вакиллари сўзга чиқиб ушбу видеомурожаатдаги аризачининг «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ раҳбариятига нисбатан айтилган фикрларга қўшилмаслигини ва ушбу юзага келган ҳолатдан афсусда эканликларини билдирди.
Самарқанд шаҳар 3-сон ички ишлар бўлими бошлиғи О. Жўраев сўзга чиқиб мурожаатчи кўрсатган важлар асоссиз бўлса-да, «Ҳудудгаз Самарқанд» МЧЖ вакилларини истеъмолчилар танқидларига босиқ бўлиш ва уларга нисбатан даво ариза киритмаслигига умид билдирди. «Аризачининг ушбу ҳаракатига баҳо беришни ва керакли хулоса чиқаришни жамоатчилик вакиллари ихтиёрига қўйиш мақсадга мувофиқ. Ҳамма ўзи учун керакли хулоса чиқарсин» — деб фикр билдирди ички ишлар вакили.
1 февраль куни шу масала юзасидан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари А.Саидвалиев мурожаатчи З. Раҳмоновнинг хонадонига ташриф буюрди. Учрашув давомида З. Раҳмонов табиий газ таъминоти бўйича эътирози йўқлигини маълум қилди ва ўз миннатдорлигини билдирди», – дейилади хабарда.