Бош прокуратурада 1 февраль куни Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг «Дарё»га хабар беришича, видеоселектор тарзида ўтказилган йиғилишда қишлоқ хўжалиги, айниқса, суғориладиган экин ерларининг ажратилиши ва фойдаланилиши аҳволи ҳамда соҳада қонунийликни таъминлашга доир масалалар муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги уч йилда бу соҳани ислоҳ қилишга оид 30 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.
Ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш учун бюджетдан ажратилаётган маблағлар ҳажми йилдан йилга ортиб бормоқда.
Бу мақсад учун 2017 йилда 463 миллиард сўм ажратилган бўлса, мазкур кўрсаткич 2018 йилда 559 миллиард, 2019 йилда эса 673 миллиард сўмни ташкил этган.
Экин майдонлари самарадорлигини оширишда замонавий технологияларни кенг қўллашга катта эътибор қаратилмоқда.
Бу даврда республика бўйича 170 минг гектардан ортиқ майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилди, натижада ҳолати ёмонлашган 303 минг гектар ернинг унумдорлиги оширилди.
Кам ҳосилли пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш, улар ўрнида юқори даромадли, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Ўтган уч йилда ҳосилдорлиги паст бўлган 293 минг гектар ана шундай майдонларнинг 257 минг гектарида даромадбоп турли экинлар етиштирилди, 35 минг гектарида интенсив боғ ва янги токзорлар барпо этилди.
Кўрилган чоралар натижасида биргина 2019 йилда 48 минг гектар яроқсиз ер майдонлари муомалага киритилди.
Йиғилишда сўнгги йилларда суғориладиган ер майдонлари Сирдарё, Самарқанд, Сурхондарё, Наманган, Жиззах, Тошкент ва Қашқадарё вилоятларида камайганлиги, Андижон, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида ер ҳолати ёмонлашганлиги таъкидланди.
Захирага олинган ер майдонларини ажратишнинг очиқ ва шаффоф тизими ҳанузгача йўлга қўйилмаганлиги, бу эса турли суиистеъмолчиликларга, экин майдонларининг эгасиз қолиб, ҳатто йўқотилишига олиб келаётганлиги аниқ мисоллар билан кўрсатилди.
Янгийўл туманида 2016 йил май ойида захирага олинган 64 балл бонитетли 1,5 гектар унумдор экин майдони ҳеч кимга ажратиб берилмаган. Оқибатда ушбу майдонни 10 нафар фуқаро эгаллаб, уй - жойлар қуриб олган. Ушбу унумдор экин майдони қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасидан асоссиз чиқарилиб, ноқонуний қурилган уй-жойларга кадастр ҳужжатлари тайёрлаб берилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.
Сувли боғ ва дарахтзорларга талабгорлар етарли бўлса-да, Андижон, Хоразм, Наманган, Сурхондарё, Жиззах вилоятларида боғ ва дарахтзорлар захирада қолаётганлиги танқид остига олинди.
Ерларни эгалик қилиш, доимий ва вақтинчалик фойдаланиш учун ажратишда ҳамда ижарага беришда жиддий қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги аниқ рақам ва мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилди.
Ўтган йилда республика бўйича 83 та ҳолатда 112 гектар суғориладиган қишлоқ хўжалиги ер майдони қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер сифатида ажратиб юборилган.
Мисол учун, Жарқўрғон туманида 1,5 гектар суғориладиган экин майдони ғишт цехи қуриш, Тошкент туманида 20 сотих майдон савдо мажмуаси қуриш учун шундай йўл билан қонунга зид ажратиб берилган.