1 февраль куни Бош прокуратурада Ер майдонларидан ноқонуний фойдаланиш ва эгаллаб олишнинг олдини олиш бўйича Республика комиссиясининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Йиғилишда Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев ер участкаларини талон-торож қилиш, ноқонуний сотиш ҳолатларини танқид остига олди.
Қайд этилишича, сўнгги икки йилда ер сотиш, талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 473 та жиноят иши қўзғатилиб, 543 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу жиноятларнинг 71 тасини порахўрлик, 354 тасини фирибгарлик, 37 тасини сохтакорлик каби қилмишлар ташкил этади.
Бу даврда 295 нафар мансабдор шахс ер қонунчилигини бузиш билан боғлиқ жиноятларни содир қилганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилганлиги, уларнинг 119 нафари ёки 40 фоизини ер кадастри ходимлари ташкил этиши қаттиқ танқид қилинди.
Мисол учун, Булоқбоши туман ер ресурслари ва кадастр бўлими бошлиғи фуқаро У.га 4 сотих ерни уй-жой қуриш учун ажратиб бериш эвазига 4 минг АҚШ доллари олганда жиноят устида ушланган.
Муборак туман бўлими мутахассиси фуқаро Э.га иссиқхона қуриш учун ер ажратишни ваъда қилиб, 14 минг АҚШ доллари олганлиги учун суд ҳукми билан етти йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Қўмитанинг фаолияти фақат кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришдан иборат «Ермулккадастр» корхонаси ходимлари ҳам бундай суиистеъмолчиликларга берилганлиги ҳам кўрсатилди.
Масалан, Андижон шаҳар «Ермулккадастр» раҳбари фуқаро Қ.га 4 сотих ер ажратишни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари олганлиги учун суд ҳукми билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Олтиариқ туман «Ермулккадастр» мутахассиси фуқаро Н.га 5 гектар ерни боғ ташкил этиш учун ажратиб бериш эвазига 22 минг АҚШ доллари ва 28 миллион сўм олган вақтида жиноят устида ушланган.
Ўтган икки йилда ҳокимликларнинг 23 нафар, архитектура ва қурилиш идораларининг 14 нафар ходими ер билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгарликка тортилган.
Мисол учун, Арнасой тумани ҳокимининг ўринбосари тадбиркорга паррандачилик комплекси учун ер ажратиш эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 3 минг АҚШ долларини олганда қўлга олинган.
Ер ажратиш эвазига Урганч тумани ҳокими ўринбосари 5 миллион сўм, Хива шаҳри ҳокими ўринбосари 2 минг АҚШ доллари, Чуст тумани ҳокими ўринбосари 2 минг, Деҳқонобод тумани ҳокими ўринбосари 6 минг, Навбаҳор тумани ҳокимининг ўринбосари 11 минг АҚШ доллари пора олганлиги учун жавобгар бўлган.
Ишчи гуруҳлар томонидан Тошкент вилоятида ўтказилаётган хатловда қарийб 23 минг гектар майдондаги 142 мингдан ортиқ бино ва иншоотларнинг бирон — бир ҳужжати мавжуд эмаслиги, 1 450 гектар ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги, 855 гектар ерда объектлар ноқонуний қурилгани аниқланган.
Хатлов жараёнида айрим мутасаддилар йўл қўйган жиддий қонун бузилиши ҳолатлари ҳам аниқланган.
Мисол учун, Янгийўл туман «Ермулккадастр» ходимлари ер ажратилгани ҳақида ҳокимнинг қалбаки қарорини тайёрлаш, қурилмаган уйни гўёки қурилган деб қалбаки кадастр ҳужжатини тузиш орқали 12 нафар фуқарога 7 гектар ерни бериб юборган.
2019 йил 17 декабрь куни Зангиота туман ҳокимлиги умумий бўлими мудири ва фуқаро С. 30 сотих ер майдони ажратиб бериш эвазига фуқаро Х.дан 120 минг АҚШ доллари олганда қўлга олинган.
Бу ҳолатлар бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилмоқда.
Айрим фермерлар ижарага берилган ер майдонларини ноқонуний сотаётганлиги ҳам танқид остига олинди. Сўнгги икки йилда 76 нафар фермер ерларни ноқонуний сотганлиги учун жиноий жавобгарликка тортилди.
Зангиота тумани «Семурғ» фермер хўжалиги бошқарувчиси Т. фуқаро П.га 70 сотих суғориладиган ернинг ҳар бир сотихини 5 минг АҚШ долларидан, жами 350 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, шундан 50 минг АҚШ долларини олаётганда ушланди.
Ваҳоланки, ушбу ер майдони Зангиота тумани ҳокимининг қарори билан шу фермер хўжалигига мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш цехи ташкил қилиш учун берилган.
Қибрайдаги «Тошкент оазис» фермер хўжалиги раҳбари И. ҳам 26 сотих ер майдонини 3 нафар фуқарога жами 208 минг АҚШ долларига сотиб юборганлиги учун тергов қилинмоқда.
Йиғилишда, ерга оид қонун бузилиши ҳолатларининг олдини олишга кўмаклашишга масъул Фермерлар кенгаши, маҳалла раислари, участка профилактика инспекторлари ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ноқонуний қурилмаларни олдини олишда ташаббус кўрсатмаётганлиги таъкидланиб, улардан яна-да фаоллик кўрсатиш сўралди.
Охирги икки йилда 21 нафар маҳалла раиси ер билан боғлиқ жиноятлари учун жавобгар бўлганлиги танқид остига олинди.
Мисол учун, Хива туманидаги «Қушчи Каттабоғ» маҳалласи раисиЭ. фуқаро Р.дан 2 та турар-жой учун захирадаги ерлардан ажратишни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари талаб қилган ҳамда шундан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланган.
Қарши туманида эса, «Кат» маҳалласи раиси Ш. фуқаро У.га 12 сотих ерни уй-жой қуриш учун ажратиб бериш эвазига 70 миллион сўм олганда қўлга олинган.