Айни вақтда Ўзбекистон ва Тожикистон 2020 йил учун Тожикистонга табиий газ етказиб бериш бўйича битим тузиш учун музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда «Тожиктрансгаз» раҳбарининг биринчи ўринбосари Шавкат Шоимзода 27 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.
Шоимзоданинг таъкидлашича, Тожикистонга Ўзбекистондан 200 миллион метр кубга қадар табиий газ олиб келиш режалаштирилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2019 йилда Ўзбекистондан жами қиймати 17,7 миллион долларга тенг 140 миллион метр куб табиий газ импорт қилинган.
Шоимзоданинг қайд этишича, ўзбек ёқилғисини Тожикистонга етказиб бериш 2018 йилга қараганда 2,6 баробарга ошган: 55 миллион метр куб (6,9 миллион доллар).
«Тожиктрансгаз» раҳбари ўринбосарининг таъкидлашича, табиий газ асосан Тожикистондаги алюминий заводи учун импорт қилинмоқда. Шунингдек, ўзбек табиий газидан бошқа корхоналар, хусусан, Душанбе иссиқлик электростанцияси ҳам фойдаланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондан Тожикистонга табиий газ етказиб бериш олти йиллик узилишлардан сўнг, 2018 йилнинг апрелида қайта йўлга қўйилганди.
Изоҳ (0)