Самарқанд вилояти ҳокимияти Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 2022 йилда бўлиб ўтадиган саммити иштирокчилари учун хусусий турар жой бинолари ўрнига меҳмонхоналар қуриш режасидан воз кечди. Бу масала Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов ҳамда ЮНЕСКО ва ИCОМОС вакиллари ўртасида бўлиб ўтган учрашувда муҳокама қилинди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, шаҳар ва вилоят ҳокимликлари вакиллари халқаро ташкилотлар вакилларига Самарқанднинг тарихий қисми ва буфер зонадаги барча биноларни бузиш ва реконструкция қилишни тўхтатганини маълум қилди. Эндиликда қурилиш янги объектлар шаҳарнинг маданий меросига зарар етказмаган тақдирдагина амалга оширилади.
Хабар берилишича, шаҳар ҳокими ЮНЕСКОнинг кузатув миссияси вакилларини «Samarkand City» лойиҳаси билан таништирган. Лойиҳа доирасида шаҳар ташқарисидаги эшкак эшиш каналига туташ ҳудудда кўп функцияли сайёҳлик маркази барпо этилмоқда. Шунингдек, халқаро ташкилот мутахассисларига қадимий шаҳарнинг «маданиятлар чорраҳаси» деган номни сақлаб қолиш учун тарихий уйлар ва обидалар кўринишини сақлаб қолган ҳолда кейинги беш йил давомида Самарқандни қайта таъмирлаш режаси тақдим этилди.
Изоҳ (0)