Об-ҳаво шароитининг кескин ёмонлашуви ҳамда кучли қор бўронлари сабаб Қозоғистоннинг 9 вилоятидаги 48 та йўл участкасида барча турдаги автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши тўхтатилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
Қозоғистон Республикаси Саноат ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги мабуот хизмати тарқатган маълумотларга кўра, Ўскемен—Риддер—Россия Федерация чегараси автойўлининг 15—105 километри оралиғидаги (Белоусовка-Риддер) участкаси тиркамали ва ярим тиркамали юк автомобиллари учун ёпилган.
Ўскемен—Шемонаиха—Россия Федерация чегараси трассасининг 15—105 километри (Глубокое—Шемонаиха) участкаси тиркамали ва ярим тиркамали юк автомобиллари учун ёпилди.
Семей—Қайнар трассасининг 8—144 километри оралиғидаги (Семей—Саржал), Ўскемен—Шемонаиха—Россия Федерация чегараси трассасининг 105-123 километри оралиғидаги (Шемонаиха—Россия Федерация чегараси) участка ҳам ёпилган.
«Ақтўбе—Болгарка—Шубарқудуқ» трассаси 17 километри (Сазди овули) — 190 километригача («Ақтўбе—Астрахан» трассаси) бўлган қисмида ҳаракат бутунлай тўхтатилган.
Транспорт вазирлиги ҳайдовчиларга об-ҳаво шароити яхшилангунга қадар йўлга чиқмасликларини тавсия этган.
Фавқулодда вазиятга йўлиққан ҳайдовчилар «1403» рақамига мурожаат қилиши мумкин экани айтилади.
Аввалроқ Ақтўбеда юз берган ЙТҲ оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)