Ўзбекистон Президенти «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Сенати томонидан маълум қилинди.

Фото: ЎзА

Мазкур қонун ҳужжатига асосан «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунга қуйидагиларни назарда тутувчи қатор нормалар киритилган:

  • юридик шахс ташкил этмаган ҳолда оилавий тадбиркорлик субъектлари 3 нафаргача доимий ходимни ёллаб, улар билан меҳнат шартномаси тузишга ҳақли;
  • оилавий корхона иштирокчиларининг умумий йиғилишда оилавий тадбиркорлик иштирокчилари таркибини ўзгартириш тўғрисидаги масала кўриб чиқилиши ва ҳал этилиши мумкин.

Шунингдек, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунларга ҳам ўзгартиришлар киритилган.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, активларининг баланс қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 минг баравари миқдоридан кўп бўлган масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар аудитор текширувидан ўтказиши шарт эканлиги белгиланган. Бу эса активлар капиталлашуви мунтазам ўсиши, бажариладиган операциялар ҳажми кўпайиши билан изоҳланади.

Бундан ташқари, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонун яна бир модда билан тўлдирилган. Унда назарда тутилишича, жамият иштирокчилари ўртасида муросасиз зиддиятлар сабабли қарор қабул қилиш учун етарли овозлар сони мавжуд бўлмаганлиги туфайли жамиятни бошқариш масалалари юзасидан келишувга эришиш мумкин бўлмаган тақдирда низоли вазият суд тартибида ҳал этилади.

Миноритар акциядорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш мақсадида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ҳам норма киритилган. Унга кўра, йирик битим тузиш шартлари баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланган бозор қиймати ҳисобга олинган ҳолда мустақил ташқи аудиторлик ташкилоти томонидан ўрганилади.