Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат аҳолисини сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда вазирлик номидан тарқатилаётган ёлғон баёнотларга ишонмасликка чақирди.
Ижтимоий тармоқларда вазирликнинг баёноти сифатида тарқатилаётган хабарларда одамлардан суриялик мигрантлар билан муносабатда бўлмаслик, бегона кишилар билан лифтдан фойдаланмаслик, ўзини сув ёки газ ширкатидан деб таништирган 3—4 кишига ишонмаслик сўралади.
ИИВнинг маълум қилишича, бу каби хабарлар фуқаролар орасида ваҳима ва давлат органларига ишончсизлик уйғотиш мақсадида ўйлаб топилаётган бўҳтон ҳисобланади.
«Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан бу каби масалаларга оид хабарларни тарқатиш зарурати юзага келган тақдирда, вазирлик ўзининг Youtube, Telegram, Instagram, Facebook, Mover, «ВКонтакте», «Одноклассники», Twitter каби ижтимоий тармоқлардаги, шунингдек, вазирликнинг таркибий ёки ҳудудий тузилмаларининг расмий саҳифалари ҳамда бошқа ОАВ орқали мурожаат қилишини маълум қиламиз» — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)