2019 йилнинг сўнгги чорагида пул бозорида фоиз ставкалари турли омиллар ва бозор тенденциялари таъсири асосида шаклланди. Уларнинг ўзгариш характери йилнинг олдинги чоракларидан кескин фарқ қилди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан маълум қилинди.
Хусусан, ўртача фоиз ставкалари 2019 йил октябрь ойидаги 15,2 фоиздан ноябрь ойида 16,4 фоизга ва декабрь ойида 17,5 фоизгача ўсди. Шу билан бирга, депозитларнинг ўртача муддатларида ўсиш кузатилди.
2019 йилнинг октябрь—декабрь ойларида банклараро депозит операциялари ҳажми олдинги чораклар ўртача кўрсаткичларига нисбатан 2 баробардан кўпроққа ошди.
Шу билан бирга, инфляцион кутилмаларда ва инфляциянинг прогноз динамикасида барқарор ўсиш суръатларининг мавжуд эмаслигига қарамай, 1 ойдан 3 ойгача бўлган депозит операциялари бўйича фоиз ставкалари 18—20 фоизгача ўсди. Бу узоқ муддатли ликвид ресурсларнинг етишмаслиги ҳамда банкларнинг ликвидлик бўйича тегишли кўрсаткичларига эришишга бўлган ҳаракатлари билан боғлиқ.
Марказий банк ва Молия вазирлиги томонидан облигацияларнинг муомалага чиқарилиши ва ички молия бозорининг тўйинтириб борилиши ҳамда банклар томонидан ликвидлилик ҳолатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар инфляциянинг прогноз траекториясига мос келадиган даромадлар эгри чизиғининг шаклланишига олиб келади.
Кредитлар ажратишнинг бозор механизмларига босқичма-босқич ўтиши орқали бозорда сегментацияни пасайтириш чоралари ҳам кредитлар бозорида фоиз ставкалари ўртасидаги тафовутни қисқартиришга хизмат қилади.
Изоҳ (0)