Бағдод шимолидаги АҚШ ҳарбий хизматчилари жойлашган Эт-Тажи ҳарбий базаси ракеталар ҳужумига учради. Бу ҳақда Reuters ҳарбийларнинг расмий баёнотига таяниб хабар берди.

Жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ. «Ал-Хадат» телеканалининг маълум қилишича, ҳарбий базага қарата залп ўт очувчи тизимдан жами бешта ракета учирилган.

Мазкур ҳолат бўйича жавобгарликни ҳозирча ҳеч ким бўйнига олгани йўқ. Ироқдаги ҳарбий объектга уюштирилган ҳужум сўнгги икки кун ичидаги иккинчи ҳужум ҳисобланади — 12 январь куни Балад базаси ўққа тутилиши оқибатида тўрт нафар ироқлик ҳарбий жароҳат олганди.

Эслатиб ўтамиз, 3 январь куни АҚШ Бағдод аэропорти яқинига берган авиазарба оқибатида Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси «Ал-Қудс» махсус бўлинмаси генерали Қосим Сулаймоний ҳалок бўлган. Ироқ ҳукумати ҳужум ҳақида олдиндан огоҳлантирилганини маълум қилган. Воқеадан кейин Ироқ парламенти мамлакат ҳудудидан хорижлик ҳарбийларни чиқариб юборишга овоз берди. Кейинчалик Пентагон АҚШнинг Ироқ ҳудудидан ҳарбийларни олиб чиқиб кетиш нияти йўқлигини билдирган. АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер Ироқ ҳарбийларни мамлакатдан чиқариш бўйича расмий шаклда ёзма мурожаат келиб тушмаганини таъкидлаган.

Январь ойининг бошида Ироқ ҳукумати мамлакатдаги барча хориж қўшинларини чиқариб юбориши ҳақида маълум қилганди. 6 январдан бошлаб уларга Бағдод билан келишмасдан туриб, ҳаракатланиш тақиқланган.