9 январь куни Ўзбекистон миллий университетида Президент Администрацияси ҳузуридаги иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази республиканинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишининг бизнесга таъсирини баҳолаш бўйича ўтказган тадқиқоти тақдим этди. Бу ҳақда Spot хабар берди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ушбу мавзу устида 2019 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб тадқиқот ўтказаётган эди.
Бу иқтисодий моделлаштириш ва иқтисодий таҳлил усуллари ёрдамида амалга оширилади. Тадқиқот натижалари бўйича ҳисобот тайёрланди.
«Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиши ўзбек маҳсулотларини иттифоқ мамлакатлари бозорларига чиқиш тўсиқларини ва экспортчилар учун тегишли харажатларни сезиларли даражада камайтириши мумкин.
Иттифоқни кенгайтириш, ушбу ташкилотнинг бошқа мамлакатлар билан эркин савдо зоналарини ташкил этиш ўзбек экспортини ушбу мамлакатлар бозорларига чиқаришни осонлаштиради», — дейди марказ Обид Ҳакимов.
Иқтисодий мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш Ўзбекистон бизнесига фойдали бўлиши қайд этилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бир неча мамлакат бозорига тенг кириш имкониятига эга бўлади, меҳнат мигрантлари учун шарт-шароитлар яхшиланади, Россия инвестиция ресурслари ва технологияларига кириш имкониятига эга бўлади.
Қайд этилганидек, иттифоққа аъзо бўлган тақдирда Ўзбекистон ягона божхона тарифи амал қиладиган ягона божхона маконининг бир қисми бўлади.
Бундан ташқари, юкларни этказиб бериш логистикаси яхшиланади ва чегаралардаги ортиқча талаб ва тўсиқларни бартараф этиш туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш муддати камаяди.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон мева-сабзавот ва қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтиришга хизмат қилади.
Республика тармоқларини модернизация қилиш ишлари амалга оширилади. Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари бозорларида қайта ишланган маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятининг самарали амалга оширилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)