Қашқадарёнинг Ғузор туманида Янги йил арчаси ёниб кетиши тафсилотолари маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Новости Кашқадарьи».
Мавзуга доир: Қашқадарёда Янги йил арчаси ёниб кетди (видео)
Ғузор тумани ҳокимлиги матбуот котиби Худойберди Йўлдошевнинг айтишича, ҳодиса 3 январь куни соат 17:30 ларда «Шўртан» футбол клуби стадиони олдида содир бўлган. Шу куни ҳудудда кучли ёғингарчилик кузатилган. Ёритиш симларидан сув ўтган ва арчанинг бош безаги — юлдузда қисқа туташув юз бериб, ёнғин чиққан.
«Туман ҳокимлиги қошидаги ободонлаштириш бўлими ходимлари зудлик билан ҳаракат қилиб, ёнғинни ўчириш бўйича тегишли чоралар кўрди. Дарахтнинг пастки қисмида ўрнатилган автоматик стабилизатор электр таъминоти деярли дарҳол тўхтатилди. Тўғри, юлдуз бутунлай ёниб кетишига бир неча дақиқа кифоя қилди. Умуман олганда, арчага зиён етмади», — деб таъкидлаган Худойберди Йўлдошев.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Тошкентнинг «Локомотив» боғида Янги йил арчасини ўрнатиш чоғида ёнғин юз берган ва арчанинг учдан бир қисми ёниб кетган эди. 2019 йилда эса Сурхондарёнинг Денов туманида ва Қўқон шаҳри марказидаги байрам арчаси ёнган.
Аввалроқ Самарқандда кучли шамол оқибатида байрам арчаси қулагани видеоси эълон қилинган эди.
Изоҳ (0)