Қирғизистон—Ўзбекистон давлат чегарасида жанжал келиб чиқиб, Қирғизистон фуқаролари ва Ўзбекистон чегарачилари ўртасида зиддият юз бергани ҳақида хабар берилган эди. ДХХ Чегара қўшинлари матбуот хизмати воқеа бўйича расмий баёнот берди.
Маълум бўлишича, 6 январь куни соат тахминан 13:30 да Наманганнинг Поп тумани ҳудудида Ўзбекистон чегарачилари чегарани бузган шахсларни пайқаган. Улар Ўзбекистон—Қирғизистон чегарасидан 1,5 километр масофа ичкарига кириб, 500 бошга яқин майда шохли қорамолни ўтлатган.
Чегарачилар ҳодиса жойига келгунича қирғизистонлик чўпонлар поданинг катта қисмини Қирғизистонга ҳайдаб чиқаришга улгурган. «Икки томонлама келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон чегарачилари қорамол ҳамда қўшни давлат фуқароларини Қирғизистон ҳудудига чиқариб юборган», — дейилади хабарда.
Ҳолат бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон чегара идоралари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган, чегара ҳудуди аҳолиси ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)