Амстердамдаги намойишда 10 метр баландликдан йиқилиб, жароҳат олган ўзбекистонлик гимнастикачи Кристина Воробьёва бўйин умуртқаси икки бор операция қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзиб қолдирган.
«Мен орқа мия жароҳати ва бўйин умуртқасида иккита операцияни бошдан ўтказдим. Умуртқалараро дискни олиб ташлаб, титандан ясалган болтли пластина ўрнатишди. Ҳозирча оёқларимни сезмаяпман ва ўнг қўлимда муаммо бор», — деган у.
Кристина Воробьёва жонлантириш бўлимида 5 кун ётган, 7 январь куни эса палатага олинган. Унинг айтишича, Рустэм Османов бошқа шифохонада ва унда «ҳаммаси жойида».
«Шифокорлардан якуний хулоса олганимизча йўқ. Бунинг учун вақт керак, чунки бу енгил ҳолатлардан эмас», — дейди Кристина Воробьёва
Аввалроқ Маданият вазирлиги эса Амстердамда йиқилган ўзбекистонлик акробатларнинг аҳволи оғир эмаслигини билдирганди. Ўзбекистон ТИВ эса вазият Бенилюкс давлатларидаги элчихона назоратига олингани ва зарур ёрдамни кўрсатиш учун консуллик бўлими ходими Амстердам шаҳрига жўнаб кетганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, бахтсиз ҳодиса 3 январь куни Нидерландия пойтахтидаги «Карре Амстердам» театрида ташкил этилган томоша вақтида юз берган. Рустэм Османов Кристина Воробьёвани бир қўли билан ушлаб, иккинчисини бўшаштирганда улар биргаликда 10 метр баландликдан йиқилган.
Изоҳ (0)