Онг ва фикрлаш қобилиятига эга бўлган ҳар қандай одам албатта бир кун келиб ўзига-ўзи бу дунё қандай тузилгани, Ер, Қуёш ва коинот нималардан иборат экани ҳақида савол беради. Бундай саволлар энг узоқ аждодларимиздан бошлаб бизнинг давримизда ҳам деярли ҳамманинг фикрини бир неча бор эгаллаган. Башарият тараққиёти асносида одамлар борлиқ тузилиши ҳақидаги тасаввур ва билимларини бойитиб борди. Натижада узоқ аждодларимиз дунёни шунчаки океан ўртасида жойлашган ясси Ер кўринишида тасаввур қилган бўлса, цивилизациянинг ҳозирги босқичида энди биз мултиверс назариясига ҳам етиб келдик. «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов ушбу мақоласида турли замонларда одамлар олам тузилишини қандай тасаввур қилгани ва олам тузилиши ҳақидаги билимлар қай тарзда ривожланиб борганига тўхталади.
1. Шумерлар тасаввурида: ҳаммаси океандан пайдо бўлган
Шумер халқи қадимги Месопотамия ҳудудида милоддан аввалги 4-минг йилликда гуллаб-яшнаган цивилизация асосчиларидир. Ёзувни айнан улар кашф этган деб қаралади. Астрономия, тақвим, идоравий бошқарув тизими сингари нарсаларни ҳам шумерлар биринчи бўлиб қўллаган. Умуман олганда, шумерларни инсоният цивилизациясининг асосчилари дейиш мумкин; улар эгаллаган билимларни бобилликлар орқали юнонлар ўзлаштирган ва ривожлантирган.
Шумер халқининг борлиқ тузилиши ҳақидаги космологик тасаввурлари уларнинг маданиятига оид асори-атиқаларда, хусусан, сополга ўйиб ишланган битикларда кўрсатиб ўтилган. Америкалик шумершунос олим Самюэль Крамер ХХ аср ўрталарида шумерларнинг олам тузилиши ҳақидаги тасаввурларига оид мақола ёзган. Унга ишонадиган бўлсак, шумерлар борлиқни қуйидагича тасаввур қилган:
- аввалига фақат уммон бўлган; у қаердан пайдо бўлгани ҳақида саволлар берилмайди; шумерлар тасаввурида ушбу уммон доимо, абадий мавжуд бўлган;
- ўша уммондан тоғ ва осмон пайдо бўлган;
- маъбуд Ан ва маъбуда Ки никоҳидан ҳаво маъбуди Энлил туғилган;
- Энлил осмонни тепага кўтариб, ердан ажратиб қўйган;
- кейин эса Энлил онаси ёрдамида одам, ҳайвонлар ва ўсимликларни яратган.
2. Қадимги хитойлар тасаввури: дунё тирик туғилган
Қадимгиларнинг аксар тушунчаларида олам ёки бетартиб хаосдан, ёки океандан пайдо бўлган дейилса-да, лекин, масалан, хитойларда олам тирик туғилган деган тасаввурлар ҳам бўлган. Одатда бундай туғилишда бирор маъбуднинг маъбуда билан никоҳидан ёки маъбуд қиёфасидаги бирор жонивордан ибтидо бошланган деб фантазия қилинган.
Хитойлар тасаввурида энг аввал ярми Ин, ярми Ян деб номланган тухум пайдо бўлган. Ундан Пань-Гу исмли биринчи одам ёриб чиққан эмиш. Чиқибоқ у болта билан (болтани қаердан олдийкин?) Ин ва Янни алоҳида қилиб чопиб ташлайди. Ин Ерга, Ян эса осмонга айланади.
Пань-Гу бутун умри давомида Ерни ва осмонни суриб, бир-биридан узоқлаштиришга ҳаракат қилади. У вафот этгач, унинг нафаси шамолга, бир кўзи Қуёшга, иккинчи кўзи эса Ойга айланади. Қонидан дарёлар ҳосил бўлади, соқолидан эса Сомон йўли ва юлдузлар пайдо бўлади ва ҳоказо. Хуллас, афсонага кўра, унинг ҳар бир тана аъзосидан нимадир пайдо бўлади.
Хитойлар олам манзарасини айнан шундай тасаввур қилгани ҳақида милоддан аввалги II асрга оид қўлёзмаларда қайдлар келтирилган. Шунга ўхшаш тасаввур бобилликларда ҳам бўлган. Улар Мардуқ исмли маъбуд Тиамат исмли маъбудани енгиб, унинг тана аъзоларидан Ерни ва осмонни яратган деб ишонган.
Ҳиндлар: Ерни тошбақа ва филлар кўтариб туради
Ҳа, биз кўпчилигимиз ўрта мактаб табиацҳунослик дарслигида кўрган ўша расм – ясси Ерни тошбақа (ёки кит) устидаги учта фил кўтариб турадиган кўринишдаги тасаввурни ҳинд халқи шакллантирган. Ҳинд эпосига кўра, маъбуд Вишну тошбақа қиёфасига кириб, Ерни ўз устига ортиб кўтариб туради ва кейинчалик унга тўртта фил ёрдамга келади. Умуман олганда, бу эпоснинг бир талқини холос. Бошқа талқинларга кўра, тошбақа устида Ерни кит, қўтос ва ҳатто айиқ кўтариб турадиган тасаввурлар ҳам бўлган.
Лекин негадир бу чўпчакларни баъзи манбаларда юнон мифологиясига ҳам алоқадор деб берилади. Адолат юзасидан айтиш керакки, ҳиндлар Ерни тошбақа кўтариб туришини айтиб юрган пайтда Юнонистонда Аристотель ва издошлари Ер шар шаклида эканини фаҳмлаб бўлган ва ҳатто унинг радиусини аниқлашга оид ҳисоб-китобларни бажараётган эди.
Юнонлар: Ер шар шаклида
Юқорида айтганимиздек, Ер шар шаклида бўлса керак деган фикр юнон илм-фанида шакллана бошлаган. Айтишларича, бундай тахмин илк бор Пифагор томонидан айтилган эмиш. Пифагорнинг ўзига тегишли бирор ёзма асар сақланиб қолмаган бўлса-да, бундай фикр айнан ундан қолгани ҳақидаги қайдлар Платон асарларида учрайди. Платондан уни Аристотель мерос қилиб олган.
Ер шарсимон эканини илмий исботлашга уринган Аристотель Ой тутилишлари вақтида унга Ернинг сояси шар шаклида тушаётганига эътибор қаратган. Шунингдек, жануброқда кўринадиган айрим юлдузлар шимолий ҳудудларда кўринмаслиги ҳам билвосита далил сифатида келтирилган.
Орадан бир асрга яқин вақт ўтгач, яна бир юнон олими Эратосфен Ер меридиани айланаси узунлигини ўлчаш ишларини бажарган. Шу тариқа, милод бошидаги юнон илм-фани Ер шар шаклида эканига узил-кесил амин бўлган.
Яна юнонлар: Ер – оламнинг маркази
Ҳа, юнонлар Ер шар шаклида эканини аниқлаб олди. Уларнинг ўзларида ҳам, бошқа халқларда ҳам бу факт жуда қийин қабул қилинган бўлса-да, Ер шар шаклида тасаввур қилиниши кўплаб табиат ҳодисаларининг моҳиятини англашда қўл келди. Шунга қарамай, қайсар олимлар, жумладан, Демокрит Ерни ясси деб ҳисоблашда давом этган. Ёки яна бир олим – Анаксимандр Ер цилиндр шаклида деб таъкидлашдан чарчамаган. Лекин уларнинг барчасини бир якдиллик бирлаштириб турар эди: уларнинг ҳаммаси Ерни олам маркази деб ҳисоблаган. Қуёш ва бошқа юлдузлар Ер атрофида айланади деб ҳисоблашган. Бу фикр Аристотель томонидан эътироф этилгач, илм-фанда бу тушунча кейинги 14 аср муддат учун мустаҳкам ўрнашиб қолди.
Айтиш жоизки, юнонлар ичида ҳам Ер Қуёш атрофида айланиши ҳақида фикрга келган олимлар ҳам бўлган. Масалан, самослик Аристарх Ер ҳам ўз ўқи атрофида, ҳам Қуёш атрофида айланади, юлдузлар эса ақл бовар қилмас даражада узоқда жойлашган деган гипотезани илгари сурган. Шунга қарамай, Аристотелнинг обрўси ҳаммасидан устун келди ва ҳамма Ер оламнинг маркази деган гапга ишониб қолди. Айниқса насроний черковига бу гап маъқул келарди, айниқса Рим папалари бу фикрни маҳкам ушлаб олишганди. Унга қарши чиққанлар эса даҳрий дея қаттиқ таъқибга олинарди.
Птолемей: геоцентризм!
Аристотель асос солган таълимот – Ер оламнинг маркази экани ҳақидаги фикрларни милодий II асрда Птолемей янада ривожлантирди. У 13 та китобдан иборат «Альмагест» номли фундаментал асар ёзган. Унда Птоломей қадимги Бобил ва Юнонистон астрономияси эгаллаган билимларни умумлаштириб, қўшимчасига математик изоҳлар билан тўлдириб, борлиқ тузилиши ҳақидаги қарашларини баён этган.
XIV асргача илм-фанда ҳукм сурган геоцентризм назариясини, яъни Қуёш, юлдузлар ва бошқа сайёралар Ер атрофида айланиши ҳақидаги назарияни айнан «Альмагест» ҳаммага уқтириб келган. Бундай янглиш қарашларни барбод қилиш учун эса мислсиз жасорат талаб қилинган: бир неча олимнинг ҳаёти ўтда куйдирилган. Ёдингизга солиб ўтай: Галилей Ер Қуёш атрофида айланади дегани учун, Ватикан инквизиция суди томонидан қийноққа солинган, Жордано Брунони эса гулханда ёқиб юборишган.
Коперник: гелиоцентризм
Аслида Птолемей ва Аристотелга қарши бош кўтарган энг жасур «жангчи» Коперник эди. Галилей ва Жордано Бруно айнан Коперникнинг фикрларини маъқуллагани учун таъқибга учраган. Коперник 1543 йилда «Осмон қобиқларининг айланиши ҳақида» номли китобини чоп этди. Унда Ер ва бошқа сайёралар Қуёш атрофида айланишини, юлдузлар эса мислсиз масофалар билан узоқликда жойлашган объектлар эканини математик асослари билан исботлаб берди.
Коперник бу китоб устида 40 йил меҳнат қилган ва шунда ҳам китобини фақат ўзига энг яқин одамларга тарқатган холос. У бу иши учун черков таъқибига учрашини жуда яхши англаган ва шу сабабли ҳам китоб чиқарилишини имкон қадар кечиктириб, фақат 70 ёшга етганда, яъни йўқотадиган нарсаси қолмаган, «бир оёғи гўрда» бўлган пайтида ошкор қилган.
Кеплер – осмон қонунчиси
Птолемей ғояларига якуний зарба берган олим эса немис астрономи Иоганн Кеплер бўлади. Уни астрономлар «осмон қонунчиси» деб ҳам атаган. Сайёраларнинг ҳаракат қонунларини ўта катта математик аниқликда очиб берган бу олим Ер ва бошқа сайёралар Қуёш атрофида эллипс шаклидаги орбита бўйлаб ҳаракатланишини кўрсатиб берган эди. Кеплер туфайли биз Ер Қуёш тизимидаги сайёралардан бири экани ва у ҳеч қанақасига олам маркази эмаслигини энг радикал роҳибларга ҳам тан олдирдик. Бироқ Кеплер ҳам ўз замонасининг фарзанди эди. Шунга мувофиқ у коинот Қуёш системаси билан чегараланган деб ўйлаган ва умуман борлиқнинг қаеридадир аниқ чегараси бор деб ҳисоблаган.
Уильям Гершель: галактика
Борлиқ Қуёш системасидангина иборат эмаслиги, аксинча, Қуёш системаси аслида улкан Сомон йўли галактикасининг овлоқ бир чети холос эканини биринчи бўлиб XVII асрда яшаб ўтган инглиз астрономи Уильям Гершель мулоҳаза қилган. Унгача, 1610 йилда Галилео Галилей ўз телескопи билан осмонни кузатиб, оддий кўз билан кўринмайдиган яна юзлаб юлдузлар мавжудлигини аниқлаган эди.
Гершель осмондаги юлдузларни санаб, уларнинг жойлашувини жадвалга тушириб борар экан, улар муайян бир айлана шаклида ғуж бўлишини тушуниб етди. Ушбу айлана марказига яқинлашган сари юлдузлар сони ортиб борар эди. Қуёш юлдузлардан бири экани ва демакки у ҳеч қанақасига олам маркази бўлмаслигини бу пайтда кўплаб астрономлар фикр қила бошлади. Шундай қилиб, одамзотнинг олам тузилиши ҳақидаги тасаввурлари Сомон йўли галактикасигача кенгайди.
Шарль Мессье: «анави хира нарсалар нима?»
Гершелдан кейин анча пайтгача олимлар коинот ва борлиқ шу биргина Сомон йўлидан иборат деб ўйлаган. Чунки энг кучли телескоплар ҳам Сомон йўлидан наридаги нарсаларни кўрсата олмас эди. Шу сабабли Сомон йўли коинотдаги ягона галактика деб қаралган (ва галактика деганда фақат Сомон йўли тушунилган).
1730–1817 йилларда яшаб ўтган фаранг астрономи Шарль Мессье эса ўзи билмаган ҳолда бу тушунчага катта шубҳа туғдирувчи бир иш қилиб қўйди. У аслида осмондан бирор янги комета кашф қилиш ва шу орқали илмий шуҳрат қозониш илинжида эди. Шу сабабли у тунлари мижжа қоқмай осмонни кузатар, кометага ўхшаш бирор объектни кўриб қолса, уни катта синчковлик билан текширар эди. Бироқ ҳар сафар у кузатган объектнинг комета эмаслиги маълум бўларди.
Шу тариқа у ҳафсаласи хуноб бўлавергач, комета эмаслиги аниқ бўлган объектларни алоҳида жадвалга қайд қилиб борди. Улар телескопда жуда хира кўринадиган, афтидан на юлдуз, на сайёра ва на комета бўлмаган, тушунарсиз объектлар эди. Улар хиралигидан астрономлар шунчаки «туманлик» деб қўйишарди.
Вақт ўтиши билан Мессье жадвалидаги бундай объектлар сони ортиб борди. У ҳаётлиги пайтида бундай туманликлардан 45 тасини ўз ичига олган Мессье каталоги тузилган эди. Яна айтамизки, бу шунчаки комета эмаслиги аниқ бўлган ва Мессьенинг фикрича, уларга эътибор қаратиш беҳуда бўлган объектлар рўйхати эди.
Бироқ «бу туманликлар ўзи нимадан иборат?» деган савол астрономияда марказий ўрин эгаллай бошлаганди. XIX асрда яшаб ўтган Жон Гершель (Уильям Гершелнинг ўғли) бундай туманликлардан 5 мингга яқинини кашф қилди. Телескоплар кучлироқ бўлиб, такомиллашиб бориши билан туманликларнинг шакли ҳам тиниқроқ намоён бўла бошлаган.
1845 йилда ирландиялик астроном лорд Росс бу туманликлар шаклига кўра спиралсимон ва эллиптик кўринишда эканини кўрсатиб берди. 1920 йилларда эса Сомон йўлидан ташқарида жойлашган бу каби туманликлардан 120 000 таси қайд қилинган эди. Буларнинг барчаси аввалгидек ҳамон Мессье каталогига киритиб бориларди ва «улар ўзи нима?» деган савол очиқ қолаётир эди.
Хаббл: коинотда галактикалар бисёр!
Коинот шугина Сомон йўли галактикаси билан чекланмаслиги, аксинча, Сомон йўли ҳам коинотнинг шунчаки овлоқ бир чети экани ҳақидаги факт 1924 йилда Эдвин Хаббл томонидан исботланди. У Маунт-Вилсон расадхонасидаги 100 дюмлик телескопдан ўша Мессье объектларидан бири – Андромеда туманлигини синчиклаб кузатди. Бу туманликларнинг ўзи нима эканини ҳеч ким билолмай юрган пайтда Хаббл Андромеда Сомон йўлига қўшни бўлган яна бир галактика эканини кўрсатиб берди. Шундан сўнг коинотдан яна юзлаб, минглаб ва миллионлаб галактикалар кашф этилди.
Ҳозирги кунда коинотда бизга маълум галактикалар сони 400 миллиарддан 2 триллионтагача деб баҳоланади. Айрим манбаларда ҳатто галактикалар сони 7 триллионтадан зиёд экани келтирилади. Бироқ бу борада аниқ рақамни ҳаливери ҳеч ким айта олмаса керак. Чунки буни аниқлаш учун нафақат телескопларимиз имконияти чегараланган, балки физика қонунлари ҳам йўл қўймайди. Масалан, ўта фавқулодда олисдаги галактикаларнинг нури шунчаки бизга етиб келмаслиги мумкин; қолаверса, коинотда галактикалар мунтазам ва бетўхтов бир-биридан узоқлашади, яъни коинот кенгайиб боради. Устига устак, бу кенгайиш бир маромда эмас, балки тезланиш билан содир бўлмоқда. Шунга кўра, биздан энг олисдаги галактикаларнинг тезланиши шу қадар каттаки, уларнинг нури бизга етиб келишдан аввал қизилга силжиш қонунига кўра маҳв бўлиб кетади ва биз уларни ҳеч қандай телескоп билан кўра олмаймиз.
Фридман ва Георгий Гамов: Улкан портлаш
Коинот бетўхтов ва тезланиш билан кенгаяётганини ҳам Эдвин Хабблнинг ўзи 1929 йилда исботлаб берган эди. Бу факт юзасидан ХХ асрнинг 30-йилларида илм-фанда жуда катта баҳслар бошланиб кетди. Башарти коинот кенгаяётган бўлса, демак, қачонлардир у торроқ бўлган! Шу мантиққа кўра, «кассетани орқага айлантирсак», узоқ ўтмишда коинот жуда тор жойни эгаллаган, кичик ҳажмли бўлган. Энг бошида эса у ҳажми чексиз кичик ва зичлиги чексиз катта бўлган нуқтадан фавқулодда Улкан портлаш орқали шаклланган бўлиб чиқади!
Борлиқнинг айнан шу мантиққа асосланган тараққиёт манзараси бугунги кун илм-фанида тан олинган назария ҳисобланади. Уни Украинадан АҚШга муҳожирликка кетган олим Георгий Гамов таклиф қилган «қайноқ коинот» назарияси асосида шакллантирилган.
Адолат юзасидан айтиш жоизки, Улкан портлаш назариясини Гамовдан аввалроқ Александр Фридман илгари сурган эди. Унинг ғояларига кўра, Улкан портлашдан кейин коинот бирданига кенгайиб, ундан Қуёш ва юлдузлар бир пайтнинг ўзида пайдо бўлган деб янглиш қараш билдирилган. Гамов ва ундан кейингилар эса Улкан портлаш дарҳол биз билган коинотни ҳосил қилмагани, аксинча, коинот бошида жуда қайноқ бўлиб, у аста-секинлик билан совиши оқибатида эволюцион ривожланиш юзага келгани, юлдуз ва сайёралар шаклланишига миллиардлаб йиллар кетганини кўрсатиб берди.
Ҳозирги бизнинг коинот бундан 13,7 миллиард йил олдин шундай бир кичик, ўта зич ва ўта қайноқ нуқтанинг Улкан портлашидан ҳосил бўлган деган қараш бу сиз ва бизнинг замонимиз одамлари тасаввуридаги олам манзарасидир. Борлиқ ҳақидаги бугунги кун тасаввури шу миқёсни эгаллаган. Ҳозирча.
Ҳозирча дейилишига сабаб, юқоридаги матндан кўриб турибсизки, борлиқ ҳақидаги билимларимиз ҳам тобора кенгайиб бормоқда. Ажаб эмаски, биз ёки биздан кейинги авлод бундан ҳам кўпроқ маълумотни қўлга киритар ва одамзотнинг олам тузилиши ҳақидаги тушунчалари янада кенгайиб бораверар.
Коинот 2.0 – Мультиверс?
Инчунун, ҳозирда илм-фанда энди-энди шаклланиб келаётган «мультиверс назарияси» бу борада навбатдаги қадам бўлиши мумкин.
Мультиверс назариясига кўра, бизнинг коинот ҳам ёлғиз эмас ва унга қўшни бошқа яна кўплаб коинотлар бор. Худди бизнинг коинот қачонлардир битта кичик нуқтадан портлаб пайдо бўлгани сингари, бошқа шундай нуқталар қаердадир портламаётганига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Қўшни коинотларда мутлақо бошқача физика қонунлари амал қилиши ва у жойларда биз тасаввур ҳам қила олмайдиган ишлар бўлаётган бўлиши мумкин.
Мультиверс назариясини текшириш олам манзараси ҳақидаги тасаввурларимизни навбатдаги босқичга олиб чиқадиган жараён бўлади. Бу кейинги бир неча авлод олимлар учун мушоҳада мавзуси бўлиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)