Starliner космик кемаси 48 соат ичида Ерга қайтарилди. Бу ҳақда Boeing компаниясининг космик дастурлар бўйича вице-президенти Жим Чилтон хабар берди, деб ёзмоқда Meduza.
Boeing томонидан астронавтларни Халқаро космик станцияга жўнатиш учун ишлаб чиқилган Starliner кемаси учирилганидан сўнг, 20 декабрь, жума куни космик станцияга яқинлашиш учун зарур орбитага кира олмаган.
NASA раҳбари Жим Брайнденстайннинг сўзларига кўра, Starliner’нинг вақтни ҳисоблаш тизимида муаммо юзага келган ва кема керакли орбитага чиққани ҳақида вақтидан олдин қарор қилган.
Atlas V ракетаси билан учирилган Starliner элтувчи ракетадан ажралганидан кейин унинг двигатели керакли орбитага чиқиш учун етарли импульс бера олмаган.
Кема Халқаро космик станцияга 280 килограмм юкни олиб чиқиши керак эди. Бу Starliner’нинг космосга биринчи парвози бўлиб, унинг бортида экипаж бўлмаган. Кеманинг учирилиши ва ХКС билан боғланиши 2020 йилга режалаштирилган синов миссияси олдидан сўнгги текшириш бўлиши керак эди.
Изоҳ (0)