Қашқадарёда алимент пулини ўз вақтида тўламаган ота Янги — 2020 йилни қамоқда кутиб оладиган бўлди. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Дилмуродова «Дарё»га маълум қилди.
Китоб туманидаги «Бешқозоқ» маҳалласида яшовчи қарздор У.Ж. фуқаролик ишлари бўйича Шаҳрисабз туманлараро судининг 2016 йил 2 майдаги қарорига асосан бир нафар фарзанди учун қарийб 5 миллион сўм алимент тўлаши лозим эди. Аммо қарздор 2019 йилнинг 1 апрелидан шу кунга қадар алимент пулини тўламай келган.
Давлат ижрочилари томонидан кўп маротаба огоҳлантиришларга қарамасдан, мавжуд 4,74 миллион сўм қарздорлигини тўламаган отага 23 декабрь куни 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
«27 декабрь куни қарздор ота У.Ж.нинг оила аъзолари қарздорликни тўлиқ бартараф этди, аммо, афсуски, алимент пулини ўз вақтида тўлмаган ота байрамни барибир қамоқда кутиб оладиган бўлди», – дейди Гулноза Дилмуродова.
Изоҳ (0)