Андижон халқаро аэропорти давомли танаффусдан сўнг Uzbekistan Airports АЖ саъй-ҳаракатлари билан ўз фаолиятини қайта тиклади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.
Ўзбекистон авиацион ҳукумати томонидан олинган рухсатга мувофиқ жорий йилнинг 22 декабридан Россиянинг «ИрАэро» авиакомпанияси Супержет-100 самолётида «Москва—Андижон—Москва» йўналишидаги рейсларни амалга ошира бошлаган.
«ИрАэро» – Россиянинг 1999 йилда асос солинган авиакомпанияси. Авиакомпания мунтазам равишда бутун Россия ҳамда яқин хорижий мамлакатлар ҳудудлари бўйлаб йўловчиларни ташиш билан шуғулланади.
Фарғона водийсининг транспорт тармоқларидан бири ҳисобланган Андижон аэродроми 1954 йилда қурилган. Охирги мунтазам рейс – «Андижон—Тошкент» йўналишида ўтган йилнинг октябрь ойида VС Boeing-757 ҳаво кемасида амалга оширилган эди.
«Uzbekistan Airports АЖ Транспорт вазирлиги ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижий сайёҳларни республикага жалб қилишга доир қўйилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон аэропортларига авиарейслар сонини ошириш ҳамда парвозлар географиясини кенгайтириш бўйича фаол ишлашда давом этмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)