Зарафшон шаҳрида ИИБ ҲПБ профилактика инспектори ўзининг ҳаётини хавф остига қўйиб, хотинини ўлдирмоқчи бўлган эрни қўлга олди, деб хабар беради «Постда».
14 декабрь куни Зарафшон шаҳар 2-кичик туманида яшовчи 1979 йилда туғилган Ҳ.Ж. уйига маст ҳолда қайтиб, арзимас сабабни баҳона қилиб жанжал кўтарган. Спиртли ичимлик таъсирида ақл-ҳушини йўқотиб, турмуш ўртоғи ва фарзандларини аёвсиз ҳақорат қилаган. Турмуш ўртоғи Р.И.ни ўлдиришини айтиб, уйида пичоқ излай бошлаган.
Фарзандлари уйдаги кесувчи жисмларни яширишга улгургани сабабли уйдан қўлга илинарли бирор нарса тополмаган Ҳ.Ж. пичоқ излаб кўчага отланганидан фойдаланган Р.И. ҳудудда хизмат олиб бораётган Зарафшон шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Фарид Соибовга мурожаат қилади.
Вазиятни тўғри баҳолаган профилактика инспектори жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси З.Эркинов билан бирга воқеа жойига етиб бориб, жанжалдан ўтакаси ёрилган болаларни тинчлантади.
Кўчадаги дўкондан ошхона пичоғини сотиб олиб, уйига қайтган Ҳ.Ж. эшик олдида ички ишлар органи ходимини кўргач, ичкарига киришга ҳаракат қилган. Бироқ бунга йўл қўймаган лейтенат Ф.Соибов вазиятга ойдинлик киритиш учун гаплашиб олишлари лозимлигини маълум қилади. Шу пайт фуқаро Ҳ.Ж. енги ичида яшириб олган пичоқ билан унинг қорин қисмига бир неча марта жароҳат етказиб, ичкарига бостириб киради.
Оғир жароҳат олган бўлишига қарамасдан ўзини йўқотиб қўймаган ва инсон ҳаётини сақлаб қолишни бурчи деб билган профилактика инспектори Ҳ.Ж.ни қўлга олиб, зарарлантиришга муваффақ бўлган.
Ф.Соибов оғир аҳволда шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Ўз вақтида зарур чоралар кўрилгани сабабли ички ишлар органи ходимининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Фуқаро Ҳ.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинган.
Изоҳ (0)